Мобил алоқа тармоғи янада кенгаяди
Вазирлар Маҳкамасининг “2022 – 2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда 2022 йил якунига қадар аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамрови эса 60 фоизга етказилади.
Шунингдек, 40 минг км оптик толали алоқа линияларини қуриш ҳамда қўшимча 800 минг хонадонни юқори тезликдаги интернетга улаш орқали оптик толали алоқа қамрови ҳам кенгайиб, кўрсаткич 80 фоизга етади.
Соҳага хусусий секторни жалб қилиш орқали фойдаланувчилар сони 2 бараварга ортиб – 4 миллионга, ҳудудларда ёшларни зарур кўникмаларга эга бўлиши ва уларни кафолатланган буюртмалар билан таъминлашга хизмат қиладиган марказларни яратиш орқали IT – хизматлар экспорти ҳажми эса 100 млн долларга етказилади.
2023 йилга қадар рақамли технологиялар соҳасида масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш фаолиятини ривожлантириш орқали йилига 6,5 минг нафардан ортиқ ёшларнинг ахборот технологиялари йўналишида таълим олиши йўлга қўйилади.
Давлат органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимлик органларида ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги корхоналарда 214 та ахборот тизими ва дастурий маҳсулотлар жорий этилади.
ЎзА