Мислсиз матонат ва жасорат эътирофи
Хотира ва қадр – ҳеч қачон эскирмайдиган туйғу.
Хотира ва қадр – ҳеч қачон эскирмайдиган туйғу. Юртимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаб келинаётгани замирида ана шу эзгу ҳақиқат яна бир бор ўз аксини топади.
Бу шундай айёмки, Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдек олийжаноб мақсадга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини телевидение орқали кузата туриб, халқимизнинг қонли ва оловли жанглардаги мардлиги, фронт ортидаги машаққатли меҳнати, битмас-туганмас матонати, фидойилиги, жасорати беихтиёр кўз ўнгимда гавдаланди.
Жумладан, Президентимиз ўз нутқида улуғ айём муносабати билан уруш ва меҳнат фронти фахрийларига қарата: “Биз сизларнинг тимсолингизда ўзининг доно маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан ҳаммамизга устоз ва дуогўй бўлиб юрган мўътабар инсонларни кўрамиз. Сизларнинг ҳар бирингиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ҳаёт йўлларида дуч келаётган турли қийинчилик ва муаммоларни, ҳозирги кунда бошимизга тушган синовларни енгиб ўтишда биз сизларнинг мислсиз сабот ва матонатингиздан, қатъиятингиздан доимо куч ва ибрат оламиз. Ёш авлодимизни Ватанга, халққа садоқатли, жасур инсонлар этиб тарбиялашда биз сизларни доимо ўрнак деб биламиз ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади.
Жонажон юртимизнинг файзу фариштаси бўлган сиз, азизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш учун бундан буён ҳам сидқидилдан хизмат қиламиз”, дея таъкидлади. Қарийб бир асрлик тарихга гувоҳ бўлган нуронийларимизнинг тажрибаси, бошдан кечирган қийинчиликлари, барча синовларни мардонавор енгиб ўтгани ёш авлод вакиллари учун алоҳида ҳаётий мактаб, ибрат намунаси бўла олади.
Сана муносабати билан биз, ҳарбийлар ҳам эрта тонгдан мудофаа ишлари бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиб, аввало Юртбошимизнинг чексиз ҳурмат-эҳтироми, байрам табригини, қолаверса, ўзимизнинг энг эзгу тилакларимизни изҳор этдик.
Башарият тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин ҳисобланган Иккинчи жаҳон урушида она заминимизни муносиб ҳимоя қилиш, инсониятни ҳалокатдан асраб қолиш ниятида тенгсиз мардлик ва мислсиз жасорат кўрсатган қаҳрамонлар биз учун катта бахт, нуроний маслаҳатчидир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон манфаатларини таъминлаш, эл-юртимизни рози қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва амалий ишларда улар дуогўй ва камарбаста бўлиб турганининг ўзи таҳсинга лойиқ.
Бугунги осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, ёруғ келажагимиз учун уруш йилларида, меҳнат фронтининг энг олдинги сафларида туриб, мамлакатимиз тинчлиги ва озодлиги йўлида курашганларнинг ёди, хотираси ҳеч қачон унутилмайди. Президентимизнинг тантанали нутқи халқимизнинг ана шу мислсиз матонат ва жасоратининг муносиб эътирофи бўлди.
Исроил СОБИРОВ, Подполковник,
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик
билим юрти бошлиғининг ўринбосари