"МИСиС"нинг халқаро ҳамкорлари кўпаймоқда
Юртимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати соҳасида устувор мақсадлардан бири – билим ва малака билан ёшларни жаҳонга муносиб мутахассислар сифатида тайёрлашдир.
Бунда ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг тажриба орттириши учун муҳит яратиш пировард вазифа этиб белгиланган.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги бошчилигида "МИСиС"нинг Олмалиқ филиали ҳамда Германиянинг дунёга машҳур тоғ-кон металлургия соҳасида 110 йиллик бой тарихга эга бўлган “Zeppelin” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди. "МИСиС" – немис компаниясининг Ўзбекистон ОТМлари орасида илк ҳамкоридир.
Кўп вақт ўтмай, ушбу келишув ўз ижобий натижаларини берди. Хусусан, "МИСиС"нинг Олмалиқ филиалида таълим сифатини янада ошириш мақсадида европалик ҳамкорлар томонидан энг замонавий тренажёр симуляторлар, мультимедия ва компьютер техникалари ҳамда қатор бошқа ўқув-услубий ускуналар билан жиҳозланган қиймати деярли 100 минг еврога яқин ишлаб чиқариш лабораторияси ташкил этиб берилди.

Бундан ташқари, келгусида хорижий ҳамкорлар «МИСиС»да халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув маърузаларини ташкил қилиш, юқори даражадаги қурилиш ускуналарида ишлаш кўникмаларини ривожлантириш учун симуляторлар билан таъминлашни режалаштирган.

– "Zeppelin" Ўзбекистонда таълим лойиҳалари ҳамда тоғ-кон ва технология университетларига ҳомийлик қилиш учун катта ресурслар ажратишга тайёр. Бизнинг Ўзбекистон ОТМлари билан таълим лойиҳаларимиз нафақат амалий тажриба ва саноат ривожига ҳисса қўшиш, балки ёш мутахассислар билан кончиликка янги нуқтаи назардан қарашдир, – дейди «Zeppelin Central Asia Machinery» вакили Михаил Консевенко.
ЎзА