Мирзо Улуғбекнинг туғилиши қандай қилиб минглаб инсонлар ҳаётини асраб қолган?
Амир Темурнинг саркардалик фаолияти мураккаб ҳарбий ечимларга ва кескин бурилишларга бой. Соҳибқироннинг 1392–1396 йиллардаги машҳур “беш йиллик юриши” тарих саҳифаларида алоҳида ўрин тутади. Бу даврда Яқин Шарқ минтақасидаги қатор муҳим шаҳарлар бўйсундирилди. Диёрбакр ва Тахрит каби мустаҳкам қўрғонлар аниқ ҳарбий режалар асосида эгалланди. Турон лашкари ҳар қадамда ўзининг юксак жанговар тайёргарлигини намойиш этди. Аммо Мордин қалъасини олиш қўшин учун оғир синовга айланди. Ушбу забт этиш жараёни саркардалик маҳорати билан бирга, буюк инсонпарварлик намунасини ҳам кўрсатиб берди.
Мордин шунчаки тоғли ҳудуддаги манзилгоҳ эмасди. У мудофаа учун ўта қулай ва табиий тўсиқлар билан ҳимояланган нуқтада жойлашган эди. Муаррих Шарафуддин Али Яздий қалъанинг ҳолатини аниқ ва батафсил тасвирлаган. Тарихчининг ёзишича, мазкур қўрғон баланд тоғ чўққисида қад ростлаган. Унинг бир томони тубсиз жарлик билан туташган. Иккинчи томони эса катта сув ҳавзаси билан тўсилган эди. Қалъага олиб борадиган фақат битта ягона тор сўқмоқ бор эди. Энг асосийси, қалъа ичидан қайнаб чиқадиган тегирмон суви бор эди. Шу сабабли душман ташқи дунёдан узилган ҳолда ҳам йиллаб қаршилик кўрсатиш имконига эга эди.
Ушбу чигал масалани ечиш учун Соҳибқирон 1394 йилнинг февралида қатьий қадам ташлади. Қўшиннинг барча моддий ва жанговар имкониятлари тўлиқ ишга солинди. Қалъа теварагида кучли қамал ҳалқаси яратилди. Шаҳар ҳокими Султон Исо вазиятни теран баҳолади ва очиқ жангда енгилишини тушунди. Шу боис у ҳийла ишлатишга ва вақтдан ютишга қарор қилди. Ҳоким сулҳ тузиш баҳонасида Амир Темур қароргоҳига ўзи келди. Икки ўртада ўзаро келишувга эришилди. Бунга кўра, Турон аскарлари шаҳарга кириб, тегишли божларни йиғиб олиши белгиланди. Низомиддин Шомий бу воқеа тафсилотларини ўз асарида очиб берган. Аскарларнинг кўпчилиги хотиржам шаҳарга киради. Бироқ маҳаллий исёнчилар тўсатдан ғалаён кўтариб, қуролсиз лашкарга ташланади.
Мудҳиш воқеадан хабар топган саркарда дарҳол тезкор суриштирув бошлади. У Султон Исони зудлик билан ўз ҳузурига чақиртирди. Воқеанинг асл сабаблари ва илдизлари чуқур ўрганилди. Сулҳнинг бузилиши ва адолатсиз қон тўкилиши Соҳибқироннинг ғазабини қўзғатди. Хоинлик қилган ҳоким зудлик билан ҳибсга олинди. Лекин табиат инжиқликлари ва мураккаб иқлим ўз сўзини айтди. Қаҳратон қиш чилласи бошланди. Қўшинда озуқа танқислиги юзага келди ва отлар ҳолдан тойди. Музлаган қоялар орқали қалъага яқинлашишнинг иложи қолмади. Ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида Амир Темур лашкарни пастга, водийга туширишга буйруқ берди.
Баҳор келиши билан ҳарбий ҳаракатлар яна қайта жонланди. 1394 йилнинг баҳорида Мордин қалъаси иккинчи бор ва янада кучлироқ қамал ҳалқасига олинди. Бу сафарги тайёргарлик ўта пухта эди. Сарбозлар шиддатли ҳужумга ўтди ва мустаҳкам шаҳар куч билан эгалланди. Жон талвасасида қолган аҳоли ва қўшин тоғ чўққиларига қараб қочди. Турон аскарлари бўлиниб, душманни қоялар орасида ҳам изчил таъқиб қилишни бошлади. Чорасиз ва нажотсиз қолган қалъа эли ниҳоят бутунлай таслим бўлди. Улар Соҳибқирондан омонлик ва афв сўради. Беҳисоб пешкашлар ва бойликлар келтириб, белгиланган хирожни тўлашга рози бўлди. Тоғликлар ўзларининг тўлиқ тобелигини ва содиқлигини изҳор қилди.
Айнан шу қалтис ва тарихий лаҳзада мутлақо кутилмаган воқеа юз берди. Амир Темур қароргоҳига тоғлар оша етиб келган чопар кирди. У янги меросхўр, невара дунёга келгани ҳақидаги хушхабарни етказди. Сарой мунажжимлари бу чақалоқнинг келажакда ҳам буюк олим, ҳам қудратли ҳукмдор бўлишини башорат қилишган эди. Бу хабар Амир Темурнинг қалбини чексиз ғурурга ва қувончга тўлдирди. Ушбу хушхабар сабабли у тенгсиз мурувват ва бағрикенглик намунасини кўрсатди. Тарихчи Хондамир бу ҳолатни жуда жонли тасвирлаган. Унинг ёзишича, ғалаба қувончини сураётган Соҳибқирон ғоятда севинганидан Мордин аҳлининг барча гуноҳларидан кечган. Қалъа қамали дарҳол тўхтатилди. Халқ устига юкланган оғир тўловлар ва товон пуллари шу заҳоти бекор қилинди.
Бўлажак ворисга Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек исмлари берилиши асло тасодиф эмасди. Бу танлов улуғвор ниятлар билан боғлиқ эди. Биргина шаҳзоданинг туғилиши бутун бошли вилоят аҳолисини муқаррар ҳалокатдан асраб қолди. Дунёни титратган саркарданинг ҳарбий қудрати унинг келажак авлодга ва илмга бўлган ишончи олдида чекинди. Улуғбекнинг дунёга келиши нафақат темурийлар салтанатида, балки бутун Шарқ уйғониш даврида ёрқин саҳифа очган эди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА