Ватанимиз тарихидаги 28 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1370 йил (бундан 654 йил олдин) – хожагон тариқатининг вакили Саййид Амир Кулол вафот этди ва Бухородаги ўзи яшаган Сухор қишлоғида дафн этилди. Унинг абираси Муҳаммад Шаҳобиддин томонидан бобосининг таржимаи ҳолига бағишлаб ёзилган “Мақомоти Амир Кулол” асарида Соҳибқироннинг Амир Кулол билан учрашуви тасвирланган. Алишер Навоийнинг ёзишича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳам Саййид Амир Кулолнинг шогирди бўлиб, унинг ўғли Амир Бурҳоннинг маънавий тарбиясини камолга етказган.
1419 йил (бундан 605 йил олдин) – тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг хабар қилишича, Мирзо Улуғбек ўзи томонидан 1417 йилда қуриб битказилган, у барпо этган илк мадраса ҳисобланган Бухоро мадрасасига келиб илм олувчи талабаларга инъомлар улашди. Бизгача Улуғбекнинг Бухородаги мазкур мадрасаси анча ўзгарган ҳолда етиб келган. Бу мадрасада Бухоро хони Абдуллахон II даврида катта таъмир ишлари олиб борилган. Мадраса пештоқлари – дарвоза табақаларига “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир”, деб ўйиб ёзилган.
1888 йил (бундан 136 йил олдин) – Бухоро амирлигида қимматли хазина топилганидан хабар топган Туркистон генерал-губернатори Бухородаги Россия сиёсий вакилига танга ва буюмларни Археология ҳайъатига юбориш учун Тошкентга – Туркистон генерал-губернаторлиги идорасига жўнатишни илтимос қилиб хат юборди. Бухородаги Россия сиёсий вакили 1889 йил 29 апрелда Туркистон генерал-губернаторига хат билан айтилган танга ва буюмларни Тошкентга жўнатди. Сиёсий вакил ўз мактубида қуйидагиларни хабар қилган:
“Канцеляриянинг 1888 йил 28 ноябрдаги 5525-рақамли хатига асосан илова қилинган рўйхатда кўрсатилган танга ва буюмларни жўнатмоқдаман. Қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки, мазкур буюмлар 1888 йил баҳорида Амударёнинг Каркидан кечиб ўтиш жойида – Бухоронинг Карки шаҳри яқинида жойлашган тепаликда муҳандислик ишлари олиб бориш жараёнида ер остидан топилди. Бу буюмларни менга Самарқанд муҳандислик участкаси бошлиғи полковник Павлов Петербургга – Император Археология ҳайъатига совға қилиш учун топширди”. Петербургга юборилган хазина таркибида қадимги 2 дона олтин ва 31 дона кумуш танга, сопол идиш, металлдан тайёрланган кели, келидаста, қозон, жомлар бор эди.
1917 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон Халқ Комиссарлар Совети ўлкада қизил гвардия бўлинмаларини тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу бўлинмалар совет тузуми ва большевикларга қарши кўтарилган дастлабки онгли чиқишларни бостиришда иштирок этди.
1932 йил (бундан 92 йил олдин) – патолог-анатом, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Малика Абдуллахўжаева таваллуд топди. У Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги янги йўналиш – трансплантацион иммунопатология асосчиси ҳисобланади.
1941 йил (бундан 83 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қизиб бораётган айни кезларда Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да “Отелло” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Спектаклда Отелло ролини Аброр Ҳидоятов, Дездемонани Сора Эшонтўраева билан Назира Алиева, Ягони Наби Раҳимов билан Олим Хўжаев, Кассиони Шариф Қаюмов, Эмилияни Зайнаб Садриева, Тошхон Султонова, Маҳсума Қориевалар ижро этишди.
Мазкур спектаклни 1945 йили томоша қилган Буюк Британия парламентининг бир гуруҳ аъзолари театрнинг “Фахрий меҳмонлар дафтари”га қуйидаги таассуротларини ёзиб қолдирган эдилар: “Биз ҳеч қачон, ҳеч қаерда, ҳатто Лондоннинг ўзида ҳам ўзбек театридан ўтказиб қўйилган “Отелло”ни кўрган эмасмиз”.
1942 йил (бундан 82 йил олдин) – Воронеж фронтида ўзбек тилидаги “Ватан шарафи учун” газетаси чика бошлади. 1943 йил 20 октябрдан Воронеж фронтининг 1-Украина фронтига айлантирилиши муносабати билан бу газета ушбу фронт сиёсий бошқармасининг органига айлантирилди. Газета 1945 йил декабрга қадар нашр этилди. Унда майор Рустам Абдураҳмонов, Фарҳод Муродов, капитан Зиннат Фатхулин, Аширмат Эгамназаров, Тўлаган Соатов, майор Маҳмуджон Зуфаров ва бошқалар фаолият кўрсатдилар.
Тарихчи олим Рустам Шамсутдиновнинг ёзишича, уруш даврида фронтдаги юртдошлардан ҳол-аҳвол сўраш ва уларга руҳий мадад бериш учун фронтга юборилган Ўзбекистон делегацияси таркибида бўлган буюк ўзбек ёзувчиси Ойбек фронтдаги “Ватан шарафи учун” газетаси муҳаррир ўринбосари, таниқли журналист Рустам Абдураҳмонов билан учрашган. Профессор Наим Каримовнинг фикрича, Ойбек домла фронтдан Тошкентга қайтиб келиши чоғида ўша “Ватан шарафи учун” газетасини ўзи билан олиб келган ва бу газета ҳозирда Ойбек уй-музейига экспонат сифатида қўйилган.
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Хивада туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули ҳайкали очилди.
1997 йил (бундан 27 йил олдин) – Андижонда Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди. Тошкентдан ва мамлакатимизнинг деярли барча вилоятлари, қўшни давлатлардан келган юзлаб меҳмонлар Чўлпон номидаги боғга ташриф буюрдилар ва шоир музейининг тантанали очилиш маросимида қатнашдилар.
2008 йил (бундан 16 йил олдин) – Асака автомобиль заводи конвейеридан бир миллионинчи автомобиль чикди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ёшлар учун минг китоб» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади