XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистон ўлкаси хорижлик олимлар ва саёҳатчилар учун ҳали тўлиқ кашф этилмаган сирли бир диёр эди. Россия империяси истилосидан сўнг минтақа тарихи ва маданиятига қизиқиш ортди. Бу қизиқиш ўзи билан бирга қадимги буюмларга нисбатан талабнинг ошишига ҳам олиб келди.

Натижада, осон даромад илинжида қазишмалар олиб борувчи “хазина овчилари” ва ҳатто қадимги буюмларнинг сохта нусхаларини ясовчилар ҳам пайдо бўлди. Бу жараён кўп ҳолларда тарихий ёдгорликларнинг илмий аҳамиятини тушунмаган ҳолда йўқ қилинишига сабаб бўларди. Ана шундай бир шароитда Самарқандда мутлақо бошқача фикрлайдиган, топилган ашёларнинг пулидан кўра унинг тарихий қадрини юқори қўйган бир инсон майдонга чиқди. Бу – иккинчи гильдия савдогари, тадбиркор ва ўз даврининг илғор кишиси Мирзо Бухорий эди.

Мирзо Абдулла Бухорий Самарқанддаги ипак, жун ва ип-газлама маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фабрика эгаси, ўз даври учун анча пешқадам инсон бўлган. Унинг номи тарих саҳифаларида нафақат тадбиркор, балки ўлкадаги илк коллекционерлардан бири сифатида қолган. Унинг фаолияти 1883 йилдан то 1893 йилда вафот этгунига қадар бўлган даврда айниқса яққол намоён бўлади. Мирзо Бухорийнинг бошқа тўпловчилардан асосий фарқи шунда эдики, у қадимги буюмларни шунчаки тўплаб, қимматроққа сотишни ўйламасди. Аксинча, у ўзининг бой коллекциясини илм-фан вакиллари билан баҳам кўришга, унинг илмий жиҳатдан ўрганилишига ҳисса қўшишга интиларди. Бунинг ёрқин исботи унинг 1883 йилда машҳур рус олими, академик Н.И.Веселовский билан учрашувида кўринади. Ўшанда Веселовский Мирзо Бухорийнинг бой тўпламини кўздан кечириб, ундан 1202 та буюмни, жумладан 11 та олтин, 77 та кумуш ва 951 та мис тангани Император Археология комиссияси учун сотиб олган. Бундан ташқари, Мирзо Бухорий ўз ташаббуси билан 1883 йилда Тошкент музейига ҳам ўз коллекциясидан ноёб буюмлар, жумладан, иккита олтин тангани ҳадя қилган.

Тарихчи олим Б.В.Луниннинг ёзишича, Мирзо Бухорий учун 1887 йилги Харковдаги қишлоқ хўжалиги кўргазмасига ва ундан сўнг Москва ҳамда Петербургга қилган сафари ҳаётида бурилиш ясаган воқеа бўлди. Москвада у Кремль, Қурол-яроғ палатаси ва Третьяков галереясига борди. Айниқса, унга Верешчагиннинг Туркистонга оид полотнолари катта таассурот қолдиради. У ердаги музейларда тарихий ёдгорликларнинг қанчалик авайлаб-асраб сақланаётганини кўриб, “бизда эса хонлик даврларидан ҳеч нарса қолмабди”, дея афсус билан қайд этади. Петербургда эса у яна Веселовский билан учрашади, Эрмитаж, Оммавий кутубхона каби масканларда бўлиб, Усмон Қуръонини ўз кўзи билан кўради. Рус Археология жамиятининг Шарқ бўлими йиғилишида иштирок этади.

Бу сафар унинг дунёқарашини ўзгартирди. Самарқандга қайтгач, у нафақат коллекция тўплашни давом эттирди, балки ўзига хос тадқиқотчи ва тарғиботчига айланди. У Археология комиссияси билан мунтазам ёзишмалар олиб бориб, топилган тангаларнинг нусхаларини, уларнинг қаердан ва қандай топилгани ҳақидаги батафсил маълумотларни жўната бошлади. Ҳатто, баъзи тангалардаги ёзувларни ўзи ўқишга ҳаракат қилиб, тахминларини ҳам ёзиб юборган. 1888 йилда у “Туркистон вилоятининг газети”да Самарқанд атрофидаги Афросиёб тепаликларидан кучли ёмғирлардан сўнг ювилиб юзага чиққан ноёб топилмалар ҳақида мақола эълон қилади. Бу унинг энди ўз фаолиятига илмий жараённинг бир қисми сифатида қараётганидан далолат берарди. У ўз мактубларидан бирида Археология комиссиясига шундай деб ёзади: “Мен умумий фойда ва... илм-фан учун ҳаракат қиляпман ва бизнинг маҳаллий аҳоли орасида ҳам қадимги ашёларга алоҳида тушунча билан қарайдиганлар бўлганини хотира сифатида қолдирмоқчиман”. Бу сўзлар унинг асл мақсадини – оддий хазина изловчидан фарқли ўлароқ, ўз халқи орасида илмга, тарихга ҳурмат уйғотиш, ўзидан яхши ном қолдириш бўлганини кўрсатади.

Б.В.Луниннинг маълумот беришича, Мирзо Бухорийнинг маърифатпарварлик фаолияти уни ўз даврининг буюк зиёлилари билан ҳам яқинлаштирди. Таниқли ўзбек шоири ва маърифатпарвари Фурқат Самарқандда бўлганида айнан Мирзо Бухорийнинг уйида меҳмон бўлиб, унинг ноёб тўпламини катта қизиқиш билан кўздан кечирган. Фурқат унинг коллекциясидаги қадимги буюмлар, хусусан, юнонлар билан алоқалардан дарак берувчи экспонатлар билан танишиб, бу ҳақда 1891 йилда газетага ёзган мактубида ҳам тўхталиб ўтган. Бу факт Мирзо Бухорийнинг шунчаки якка коллекционер эмас, балки Туркистондаги маърифий ҳаракатларнинг фаол иштирокчилари билан ҳамфикр ва яқин алоқада бўлган шахс эканини тасдиқлайди.

Мирзо Бухорийнинг қисқа, аммо сермазмун ҳаёти ва фаолияти XIX аср охирида Туркистон заминида янгича тафаккур, яъни миллий меросга илмий нуқтаи назардан ёндашиш шаклланаётганининг ёрқин тимсолидир. У ўз бойлигини ва вақтини нафақат шахсий манфаатларига, балки ўлка тарихини ўрганиш ва сақлаб қолишдек эзгу ишга сарфлади. Унинг тўплаган коллекциялари бугунги кунда ҳам Россия ва Ўзбекистон музейларида сақланиб, ўтмишимиз ҳақида қимматли маълумотлар бериб келмоқда. Мирзо Бухорий ўз фаолияти билан оддий савдогарликдан маърифатпарварлик даражасига кўтарилган, тарихни асраш нақадар муҳим эканини ўз замондошларидан анча олдин англаб етган шахс сифатида хотирамизда қолишга ҳақлидир.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мирзо Бухорий: Самарқанд хазиналарини тўплаган савдогар