Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ўзбек саҳна санъатида янги саҳифа очди. Бу ерда пьеса воқеалари мақом йўналишидаги ғазал, куй-қўшиқлар уйғунлигида акс этади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги арафасида театр драматург Нурилло Аббосхоннинг «Бобур Мирзо» асарини саҳналаштирди. Драмада талқин этилган воқеалар Бобурнинг «Бобурнома» асари ва ғазаллари, шунингдек, тарихий манбалар асосига қурилган.
Асар бош қаҳрамони Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 12 ёшида Фарғона тахтига ўтиришидан умрининг охиригача кечган зиддиятларга бой ҳаёти реал воқеалар асосида очиб берилади. Натижада асардаги саҳна эпизодлари асосида томошабин кўз ўнгида XV аср охири ва XVI аср бошларида темурийлар инқирози, тахт учун талаш, бобурийлар салтанатининг барпо этилиши билан боғлиқ Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндиcтонда кечган тарихий воқеалар гавдаланади.

Бобур сиймосини янгича талқин этган актёр Азизбек Исроиловнинг маҳоратини томошабин юксак баҳолади.
— Бу образни яратишдан аввал «Бобурнома»ни такрор ва такрор ўқидим, тарихий манбалар билан танишдим. Бобур ҳақидаги видеофильм ижодкорларидан маслаҳат олдим. Мен Бобурни жасоратли, аҳдидан қайтмас шох ва нозиктаб шоир тимсолида акс эттиришга ҳаракат қилдим, — дейди актёр Азизбек Исроилов
«Бобур Мирзо» драмасида бош қаҳрамон шох ва шоир сифатидагина эмас, унинг инсоний фазилатларига ҳам урғу берилган.
– Пьесанинг кульминацион нуқталаридан бири Бобур опаси Хонзодабегимни Шайбонихон ҳузурига юбориш саҳнасида намоён бўлган, — дейди актёр Азизбек Исроилов. – Бобур ҳаётидаги энг оғир қарорлардан бирини қабул қилган ўшанда. Унинг руҳий ҳолатини саҳнада ифодалаш жуда катта меҳнат, билим, маҳорат талаб этди.

Драмада иштирок этган ҳар бир тимсол бевосита ёки билвосита бош қаҳрамон Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шох ва шоир сифатидаги дунёқарашлари билан боғлиқ ватанпарварлик туйғулари ҳамда юксак инсонийлик фазилатларини очиб беришга хизмат қилган.
Нурилло Турсунов, Шарофиддин Ҳалимов, Шалола Раҳмонова, Шоҳрух Олимов каби иқтидорли актёрлар талқинидаги Қосимбек, Қутлуғнигорхоним, Аҳмад Танбал, Хонзодабегим образлари ишончли чиққан.
– Хонзодабегим ўз севгиси, бахтидан Ватан, мамлакат ҳаловати, яқинларининг қамалдан озод этилишини устун кўради, — дейди шу ролни қойилмақом қилиб ижро этган Шалола Раҳмонова. – Айниқса, унинг укаси душмани бўлган Шайбонийхон измига ўзини топшириш қарори ҳар қандай инсоният туйғуларидан устундир.
— Бобур ғазаллари унинг ҳаётий кечинмалари асосида ёзилган. Шунинг учун драмада бош қаҳрамон қаламига мансуб сатрларда мақом услубидаги қўшиқлардан фойдаландик, — дейди мусиқа раҳбари Нурилло Мирзараҳимов. – Тарихий воқелик, унинг шеърий талқини, шашмақом куйлари – буларнинг барчаси Бобур сиймосини тўлақонли очишга хизмат қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GeU-AITkrpo" title="Мирзо Бобур сиймоси янгича талқинда акс эттирилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шубҳасиз «Бобур Мирзо» мусиқали мақом асари мамлакатнинг бош саҳналарида, кенг жамоатчиликка тақдим этишга муносибдир. Қолаверса, театр 2022 йилнинг ўзида яна тўртта асарни маромига етказиб саҳналаштирган.
– 2023 йилда Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» асарининг мақом услубидаги талқинини тайёрлаяпмиз. Халқ ҳофизлари Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовлар ҳаёти акс этган янги спектакль тайёр бўляпти. Беназир шоира Увайсийга бағишланган мусиқали мақом саҳна асари ҳам шу йили томошабинларга совға қилинади, — дейди театр директори Фозилжон Исмоилов. – 2023 йилда Турк мутахассислари лойиҳаси асосида Марғилонда мусиқали Мақом театрининг ҳеч қаерда такрори бўлмаган янги биноси қуриладиган бўлди. Биз бунга жавобан мақом ва саҳна асарлари уйғунлигидаги юксак савияли спектакллар тайёрлаб халқимизга туҳфа этамиз.
Муҳаммаджон Обидов