Мирзо Абдулқодир Бедил — қиёси йўқ шоир, мутафаккир ва жамиятшунос олим, ўзига хос файласуфона қарашлар соҳиби бўлган инсондир.
Асли Шаҳрисабзнинг барлос уруғидан бўлган шоирнинг ота-боболари Ҳиндистонга кўчиб бориб, ўша ерда турғун яшаб қолишган. Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳри яқинидаги Патнада 1644 йилда ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топган Бедил 1720 йилнинг 5 декабрида Деҳлида вафот этади.
Отасидан етим қолган Абдулқодир онасининг қўлида тарбияланади. Унинг билим олишга бўлган чанқоқлигини сезган амакиси Мирзо Қаландар билан тоғаси Мирзо Зарифнинг яқиндан ёрдами туфайли саводини оширади, араб тили грамматикасини, ҳинд ва урду тилларини, сўфиёна қарашларни ўзлаштиради. Унинг тинимсиз интилишлари ва изланишлари ҳатто ўн ёшида ёзган илк рубоийларида яққол сезилиб, атрофидагиларни ҳайратга солади. Олтмиш ёшга борганида ёзган "Чор унсур" асарида ўзининг ҳаётига, таржимаи ҳолига ва дунёқарашига оид фикрларини баён қилган.
Йигирма ёшида биринчи марта шеърларини жамлаган Бедил умри давомида кўп йўлларни босиб ўтди. Халқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларини кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватлиликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди
Ниҳоятда сермаҳсул, тинмас ва изланувчан шоир бўлган Бедил катта мерос қолдирди. Унинг "Куллиёт"ига киритилган асарларининг ўзи 130 минг мисра шеър ва 50 босма тобоқдан ортиқ насрни ташкил этади. Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил катта меҳнат қилди. Унинг 3861 рубоий ёзиб қолдирганини айтадилар.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони ёзувчи, шоир, журналист, сиёсий арбоб ва Туркистон жадидчилигининг ғоявий етакчиларидан бири сифатида танилган Абдурауф Фитратнинг Мирзо Абдулқодир Бедил ижодига бағишланган асарлари ҳақида.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/gHjaWRH6j_c?si=Y4BHeNCEGkPYO5dg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов, ЎзА