Мирзачўллик ёшлар кўпкураш ғолиби
Жиззах шаҳридаги “Суғдиёна” марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган кўпкураш ҳарбий ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичида ўз ҳудудларида ғолибликни қўлга киритган Бахмал, Зомин, Мирзачўл, Фориш ва Янгиобод туманларидан биттадан жамоа иштирок этди.
Дастлаб, вилоят, туман ҳокимликлари, ДХХ чегара қўшинлари бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бўлими, жамоатчилик вакиллари, туманлардан жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун етиб келган томошабинлар гуруҳи иштирокида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда, ушбу кўпкураш мусобақасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – чегараолди ҳудудлардаги уюшмаган ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлод этиб вояга етказишдан иборат эканлиги таъкидланди.
Кўпкураш мусобақасининг савол-жавоб қисмида иштирокчилар буюк саркарда, сохибқирон Амир Темурнинг ҳарбий қўшинлари тарихи бўйича билимларини синовдан ўтказган бўлса, АК-Калашников автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, арқон тортиш, эстафета таёқчаси билан югуриш, тош кўтариш каби шартлар бўйича куч синашди.

Қизғин, кескин ва муросасиз курашларга бой ўтган мусобақада биринчи ўрин Мирзачўл тумани ёшларига насиб этди. Иккинчи ўринни бахмаллик ёш чегарачилар қўлга киритган бўлса, Янгиобод тумани уюшмаган кўпкурашчи ёшлари учинчи поғонани банд этди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалари ва жамоа учун кўчма кубок тантанали равишда топширилди. Шу ўринда, мусобақаларда ҳар томонлама фаоллик кўрсатган барча беллашув қатнашчиларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Мусобақанинг тақдирлаш маросими ниҳоялангач, республикамиз пойтахтидан келган таниқли санъаткорлар иштирокида намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият улашди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА