Мирзачўлда фаолиятсиз корхоналар қайта тикланмоқда
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида фаолияти тўхтаб қолган корхоналарнинг 16 таси “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида ишлаб чиқариш жараёнини яна қайта тиклаётир.
Солиқ – мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий қон-томирларидан бўлиб, бюджет маблағлари, жумладан пенсия, нафақа, бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари солиқ тушумидан шакллантирилади.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни “Маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида юклатилган топшириқлар ижроси доирасида Мирзачўл туманида солиқ ходимлари ишни “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида йўлга қўйган. Солиқ тўловчилар дуч келаётган турли муаммоларни бартараф этишда соҳа вакиллари яқиндан кўмак бераётир.
2022 йилнинг ўтган 11 ойи давомида Мирзачўл туманида янги очилган 212 та тадбиркорлик субъектининг юридик манзилига борган ҳолда раҳбар ва ҳисобчилар билан учрашиб, уларга солиқ маъмурчилиги юзасидан маълумотлар берилди, ҳисобот тақдим қилиш муддатлари ва мажбуриятлари тушунтирилди.

Иқтисодий муаммолар сабабли тумандаги 265 та фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг юридик манзилига борган ҳолда ўрганишлар ўтказилиб, 16 та фаолиятсиз корхоналар тиклаш истаги борлигини билдирган. Ҳозирда уларнинг фаолиятини қайта тиклаш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ёрдам берилмоқда.
“Мирзачўл агропром” масъулияти чекланган жамияти жамоаси қайта тикланишида туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бўш турган бино топилиб ёрдам берилди ва эндиликда, аввал ушбу корхонада меҳнат қилган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган 50 нафар мирзачўллик банд бўлмаган хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.

Ушбу корхона фаолиятини йўлга қўйгач, товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмасини 10 миллиард 600 миллион сўмга етказади ва жамият томонидан тикилган кийим-кечак ва бошқа ярим тайёр тикилган 2 миллиард 600 миллион сўмлик маҳсулот экспорт қилинади.
Туманда кўпчиликка намуна бўлаётган “Мирзачўл юлдузи томорқа хизмати” МЧЖ яқинда давлат рўйхатидан ўтганига 1 йил тўлади. Жамоа аъзолари аҳолидан тушган талаблар асосида томорқа хизмати кўрсатиш, 1 ва 2 сотихлик иссиқхоналар қуриш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА