Бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, маҳсулот етиштиришда янгича иқтисодий моделларни қўллаш устувор вазифага айланди. Хусусан, Жиззах вилоятида қовун-тарвуз етиштириш бўйича шаклланган “Мирзачўл тажрибаси” бугун илмий асосда кенгайтирилиб, нафақат вилоят, балки Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларининг қатор туманларини ҳам қамраб олмоқда.
Бу борада “Мирзачўл - Агро Стар” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар соҳада янги даврни бошлаб берди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Ўзагростар холдинг” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори бу ишларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, компаниянинг ишончли бошқаруви Ўзмиллийбанкка бириктирилгани лойиҳаларнинг молиявий барқарорлиги ва инвестициявий жозибадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Лойиҳанинг ижросини таъминлаш ва илмий салоҳиятини ошириш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, “Мирзачўл Агро Стар” МЧЖ раҳбари Шерзод Қурбонов бошчилигида Жиззах вилоятидаги фермер хўжаликлари учун махсус ўқув семинарлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда Хитойдан ташриф буюрган тажрибали агрономлар томонидан қовун-тарвуз етиштиришнинг энг замонавий усуллари бўйича илмий-амалий машғулотлар олиб борилди. Соҳа мутахассислари ва деҳқонлар замонавий агротехнологиялар ҳамда хорижий тажрибанинг маҳаллий иқлим шароитига мослашуви юзасидан фикр алмашдилар. Бундай илмий мулоқотлар етиштирилаётган маҳсулот сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга хизмат қилмоқда.
–Айни пайтда Жиззахдаги 5 гектарлик “Агростар” мажмуасида замонавий агротехнологияларнинг энг сўнгги ютуқлари қўлланилмоқда, – дейди “Мирзачўл Агро Стар” МЧЖ раҳбари Шерзод Қурбонов. – Мажмуадаги 1 гектарлик иссиқхона ва 4 гектарлик очиқ майдонда сунъий интеллект орқали бошқариладиган “ақлли сув” тизими ўрнатилган бўлиб, у 1000 куб метр сув сиғимига эга қор ва ёмғир сувларини йиғувчи ҳавза ҳамда қуёш панеллари ёрдамида ишлайди. Хорижий ва маҳаллий олимлар иштирокида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида уруғ сарфи 7 баробарга камайтирилди. Уруғларни дорилаб, 25-30 кунлик кўчат ҳолатида экиш тизими ҳосилни муддатидан бир ой аввал йиғиб олиш ва бозорда юқори нархларда сотиш имконини бермоқда. Шунингдек, 1 гектар ерга 15 минг дона кўчатни зич экиш орқали ер майдони тежалиб, ҳосилдорлик икки баробарга оширилмоқда. Лойиҳанинг техник имкониятларини ошириш мақсадида Хитойдан 163 минг долларлик 7 турдаги техника ва 166 минг долларлик лаборатория жиҳозлари олиб келинди. Маҳсулотни қайта ишлаш, кукун ва концентрат олиш ускуналарининг ўрнатилиши қўшилган қиймат занжирини яратишга хизмат қилмоқда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда етиштирилган органик маҳсулотлар “Мирзачўл қовуни” бренди остида Европа ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. Халқаро ҳамкорлик доирасида Словакиянинг “Рокосан” компанияси билан имзоланган меморандум асосида 200 гектар майдонда экологик тоза полиз маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди.
[gallery-27080]
Мутасаддининг таъкидлашича, лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти ҳам ниҳоятда юқори. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Мирзачўл туманидаги “Ипак йўли” ва “Гулзор” маҳаллаларидаги 50 та хонадонда кўчатларни кооперация усулида етиштириш йўлга қўйилди. Келгусида полизчиликка ихтисослашган маҳаллалар сони 43 тага етказилиши режалаштирилган. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда 300 турдаги йўқолиб бораётган навларни тиклаш ва янги селекция ишларини олиб бориш кўзда тутилган. 2026 йил якунига қадар Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида жами 85 миллиард сўмга яқин қийматдаги йирик агромажмуалар ташкил этилади. Жиззах вилоятида экин майдонлари 10 680 гектарга етказилиб, йилига 10 миллион дона кўчат етиштириш қувватига эга иссиқхона ва 2 минг тонналик қадоқлаш-совиткич омбори қурилади.
Ўзмиллийбанкнинг қўллаб-қувватлаши ва илмий ёндашувлар асосида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабелликни кескин ошириш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишга хизмат қилади.
Камола Юсупова, ЎзА мухбири