Мирзачўлда туячилик ривожланмоқда
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида жорий йилда қишлоқ хўжалиги йўналишида 43, жумладан, туячиликни ривожлантиришга қаратилган 9 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида жорий йилда қишлоқ хўжалиги йўналишида 43, жумладан, туячиликни ривожлантиришга қаратилган 9 лойиҳа амалга оширилмоқда.Мазкур лойиҳалардан учтаси уч ака-ука – Анвар, Отабек ва Достон Омоновларнинг фермер хўжаликларида амалга татбиқ этилаётир. Улар туманда биринчилардан бўлиб фермер хўжалигини ташкил этган меҳнат фахрийси, “Шуҳрат” медали соҳиби Абдураҳмон Омоновнинг фарзандлари.
Ота асос солган “Ойтош” фермер хўжалигини Анвар Омонов бошқармоқда. Хўжаликнинг 90 гектар ерида ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олинмоқда. Боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачилик ҳам ривожланаётир. 5 гектарлик боғда олма, ўрик, узум, нок ва бошқа мевали дарахтлар тўлиқ ҳосилга кирган.
Достон Омонов боғдорчиликка ихтисослашган “Малика” фермер хўжалиги раиси. У янги лойиҳа асосида 5 гектардан зиёд ерда боғ барпо этди.
Отабек Омонов раҳбарлик қилаётган “Camels-catlee” фермер хўжалигининг лойиҳаси нафақат Мирзачўлда, балки бутун вилоятда янги йўналишдир. 45 бош наслли қорамол, 400 бош қўй, 500 курка, ярим гектарлик ҳавзада зоғорабалиқ боқилаётган фермер хўжалигида жорий йилда туячилик ҳам йўлга қўйилди.
Фермер туя сути ва жунини етиштириш бўйича янги лойиҳани Халқ банки туман бўлимининг 200 миллион сўмлик кредит маблағидан фойдаланиб амалга оширмоқда. Шу мақсадда Қарақалпоғистон Республикасидан 31 бош зотдор туя сотиб олинди. Қўшни Қозоғистондан ҳам шунча бош туя келтирилди. Фермер туялар сонини шу йилнинг ўзида 100 бошга етказиш ниятида.
– Ушбу лойиҳани мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб амалга оширмоқдамиз, – дейди Отабек Омонов. – Лойиҳани туман ҳокимлиги ҳам қўллаб-қувватлаб, 100 бош қорамол сиғадиган фойдаланилмай турган молхона биноси фермер хўжалигимизга “ноль” харид қийматида берилди. Мирзачўл ҳудудида туя қадимдан боқилган. Унинг шифобахш сути ва жунига бугунги кунда ҳам эҳтиёж юқори. Туя сути ва ундан тайёрланадиган қумрондан халқ табобатида жигар циррози, буйрак тоши ва шамоллаши, ошқозон яраси, сил, қандли диабет, рахит, тери, гижжа, асаб ҳамда аллергик касалликларни даволашда кенг фойданилган. Унинг шифобахшлик хусусиятларини замонавий тиббиёт ҳам исботлаган.
Фермернинг тажрибасини ушбу йўналишдаги дастлабки қадам дейиш, мумкин. Бу йўналишдаги лойиҳани амалга ошириш бўйича банк кредитидан биринчи бўлиб фойдаланган фермер ҳам Отабек Омонов бўлди. Айни пайтда фермер хўжалиги туя сути билан “Мирзачўл маъданли суви” санаторияси даволанувчиларининг эҳтиёжини таъминлаб келмоқда. Келажакда иш кўламини янада кенгайтириб, 10 ўтовдан иборат дам олиш маскани барпо этиш, туя сутини қайта ишлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Янги ташаббус, яхши иш бошқаларда ҳам ҳавас ва рағбат уйғотади. Мирзачўлда Омоновларнинг издошлари кўпаймоқда. Жорий йилда туманда туячиликни, туя сути, жунини ишлаб чиқариш бўйича 9 лойиҳа амалга оширилмоқда. “Ҳикмат-Маҳмуд”, “Холмирза-Мавлуда”, “Обод Мирзачўл”, “Ортиқов Ҳожиакбар”, “Наврўзов Аббос”, “Мирзачўллик Одил” каби фермер хўжаликлари ва “Шерзод-О”, ”Гагарин меваси” масъулияти чекланган жамиятлари ҳам тижорат банклари кредитидан фойдаланиб, бу йўналишда ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Мирзачўллик таниқли фермер, уч кам етмишни қоралаётган Абдураҳмон Омонов фақат фарзандлари эмас, юртимиздаги барча фермерларнинг муваффақиятидан қувонади.
– Фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасини ўзимнинг, фарзандларимнинг фаолиятида кўриб турибман, – дейди Абдураҳмон ака. – Фермернинг имконияти йилдан-йилга кенгаймоқда. Илгари ҳеч қачон бундай имконият бўлмаган. Айниқса, кўп тармоқли фермерликни ривожлантиришга эътибор халқимизни янада бой, юртимизни янада обод қилади.