Бухорода Президентимиз ташаббуси билан “Мир Араб мадрасаси ташкил этилганига 500 йил: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро онлайн анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Эркин Мажидов сўзга чиқди.
Таъкидланишича, Қадим шарқ маънавий цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланган, Қуббатул ислом дея шарафланган Бухорои шариф азалдан илму маърифат, дину ирфон марказларидан бири сифатида довруғ қозонган. Буюк ипак йўлининг марказий чорраҳаси сифатида дунё аҳлини ўзига жалб этган қадимий масканда нафақат савдо-сотиқ, маданият, балки илм-фан, шу жумладан ислом маърифати ҳам тараққий этган.
“Бухоро тарихи” асари муаллифи Муҳаммад Наршахийнинг гувоҳлик беришича, ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода ташкил этилиб, “Фаржак” номи остида фаолият юритган. Кейинчалик эса ушбу илмий анъаналар янада тараққий топиб, Бухоро мадрасалари ўзига хос халқаро университет мақомида фиқҳ, тасаввуф, ҳадис илми сингари диний, алжабр, ҳандаса (геометрия), тиббиёт сингари дунёвий фанлар таълимида етакчи бўлган.
Жумладан, бугун биз 500 йиллик тарихини нишонлаётган Мир Араб мадрасасининг нафақат шарқ ислом маънавияти, балки бутун жаҳон илм-маърифатига қўшган улкан ҳиссаси барча бухороликлар қалбини фахр ва ифтихорга тўлдиради. Бу даргоҳда таҳсил олиб бутун мусулмон оламига танилган Шаҳобиддин Маржоний, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Раҳматуллоҳ қори Обидов, Усмонхон Алимов, Оллошукур Пошшозода, Талгат Тожуддин, Аҳмад Қодиров каби мўътабар уламолар ўз вақтида минтақада дин софлигини таъминлаш, муқаддас динимизни ниқоб қилиб ўз сиёсий найрангларини ўтказмоқчи бўлган ғайриинсоний кучларга қарши маънавий кураш олиб бориш, унинг турли фирқаларга бўлинишдан асраш, соф ислом маърифатини кенг тарғиб этишда жонбозлик кўрсатиб, ўз юртларида тинчликни таъминлашда муносиб ҳисса қўшган.
Айни пайтда ана шундай эзгу анъаналар руҳи билан суғорилган мадраса янада янгича куч ва ғайрат билан ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Айниқса, истиқлол йилларида Бухоро яна ислом маърифати марказларидан бири мақомини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Мазкур мақсадда бугун вилоятда учта мадраса, 100 дан ортиқ исломий йўналишдаги диний ташкилотлар фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бухоро давлат университетида “Ислом тарихи ва манбашунослиги” таълим йўналиши очилди. Бухоро Мир Араб мадрасаси олий таълим муассасаси мақомига кўтарилди. Мир Араб мадрасаси ҳузурида “Тасаввуф илми мактаби” ташкил этилди. Бундан ташқари, Бухородаги ислом маънавияти дарғалари, буюк алломаларимиз зиёратгоҳлари таъмирланиб, уларнинг бой маънавий-илмий мероси чуқур ўрганилмоқда.
Мир Араб мадрасасининг Ислом маънавий цивилизациясига қўшган ҳиссасини уммонга қиёслаш мумкин. Ушбу уммонни биз нечоғли тадқиқ этиб, унинг тубига шўнғийверсак, шу қадар кўп ирфоний дуру марваридларни кашф этамиз. Мазкур илмий-амалий анжуман табаррук ёшдаги илм даргоҳининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини яна бир бор аниқлаш ва баҳолаш, янги илмий тадқиқотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларидан 50 га яқин таниқли уламолар, исломшунос-диншунос олимлар, турли илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ҳамда диний соҳа вакиллари (Мир Араб мадрасаси битирувчилари)нинг маърузалари тингланди. Билдирилган таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.
Анжуманда “Мир Араб мадрасаси тарихи: кеча ва бугун” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Зариф Комилов, ЎзА