Халқимиз азалдан яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратиб келган. Бугун ҳам ушбу анъана қадрият даражасида улуғланиб келмоқда.
Минтақамиз ва бизнинг давлатимизни яқин дўст деб билган жаҳон халқлари билан тарихий алоқаларимиз бугун янгича шароит, янгича муҳитда мустаҳкамланиб бормоқда. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ, дўстона ва прагматик ташқи сиёсат самарасидир.
Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг минтақавий тарихий аҳамияти ҳақида кенг жамоатчилик вакиллари оммавий ахборот воситаларида ўз фикр-мулоҳазаларини, муносабатларини билдиришмоқда. Ҳақиқатдан ҳам ушбу саммитда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган стратегик ташаббуслар минтақадаги мамлакатлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ҳисобланади.

Жумладан, Турк дунёсининг ягона мақсад ва қадриятларга асосланган ҳолда интеграциялашуви учун “Абадий дўстлик ва қариндошлик тўғрисидаги шартнома” ни қабул қилиш таклифи халқимизга хос бўлган азалий дўстлик ва қариндошлик ришталарининг янади мустаҳкам боғланишида ҳуқуқуй асос бўлиб хизмат қилади. Айниқса, “Turk Trade” онлайн платформасини ташкил этиш, минтақавий иқтисодий интеграцияни жадаллаштириш, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш орқали саноат салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган ташаббуслар барқарор иқтисодиёт, ҳамжиҳатликда фаровонлик сари дадил қадамлар ташлашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг “Яшил Турон” ташаббуси ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар муҳимлигига алоҳида урғу берганлиги бежизга эмас. Бугун мамлакатимизда "яшил иқтисодиёт' сари кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишда Ўзбекистон "Адолат" СДП ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, ҳуқуқий асосларни яратишда фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг Афғонистон бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқиш, терроризм ва экстремизмга қарши ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифи, Афғонистон халқининг тинчлик сари интилишларини қўллаб-қувватлашга, минтақада тинчликга асосланган фаровон ҳаётни таъминлашга хизмат қилиши билан муҳимдир.
Маданият ва таълим масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, Туркий давлатлар халқаро университетини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш каби ташаббуслар дунёқараши кенг, илм-фанда янгиликлар яратишга қодир бўлган ёшларни камол топтиришга йўналтирилган.
Халқаро ҳамжамият билан ишлаш масаласида БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун умумий позицияни шакллантириш муҳимлигига ҳам урғу берилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилоти саммити Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги стратегик мақсадларини намоён этди.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг раиси
ЎзА