Муносабат
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида қўшничилик ришталарида ҳикмат кўп. Бу ҳудудда азалдан бир маҳалладаги тўй, бир қишлоқдаги қайғу ҳатто чегара билмасдан барчага таъсир қилган. Чунки бу юртларда халқлар тақдири, қадрияти, урф-одатлари бир-бирига чамбарчас боғлиқ.
Бугун ҳам минтақа мамлакатлари олдида турган ҳар бир катта қарор, ҳар бир стратегик қадам нафақат бир давлатнинг, балки бутун қўшни халқларнинг келажагига дахлдор.
Шунинг учун ҳам Марказий Осиёдаги ҳамжиҳатлик, яхши қўшничилик ва биргаликда ривожланиш ғоялари бугун янги мазмун касб этмоқда. У барқарорлик ва тараққиётнинг асосий шартларидан бирига айланди.
Бу мавзуда ҳар қанча гапирсак, алоҳида эътибор қаратилган фикрларни ҳар қанча ўргансак кам. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи эълон қилинганига бироз вақт бўлди. Лекин бу материалда билдирилган фикрлар бугун ҳам жамоатчиликнинг тилида. Илм аҳилларининг муносабат марказида.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат миллий тараққиётимиз, балки бутун минтақа давлатларининг муштарак ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб қолмоқда. Дунё ҳамжамиятида Ўзбекистондаги ўзгаришлар кенг қамрови ва амалий натижалари билан ижобий баҳоланяпти. Қабул қилинаётган фармон ва қарорлар қардош халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, умумий манфаатларга хизмат қилувчи янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, тинчлик, сув-экология, транспорт-коммуникация, иқтисод, саноат ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик Марказий Осиё халқлари учун беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласида бу стратегик ўзгаришлар илмий-таҳлилий асосда ёритилди. Мақолада келтирилган ғоя ва ташаббуслар минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви кун тартиби билан узвий боғлиқ бўлиб, ўзаро ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланишнинг аниқ йўналишларини белгилаб бермоқда. Унда келажак учун вазифалар аниқ, мақсадлар равшан, ёндашувлар эса прагматик асосда баён этилган.
Ҳозирги мураккаб глобал шароитда ҳар бир давлатнинг тараққиёти, тинчлиги ва хавфсизлиги геосиёсий барқарорлик билан узвий боғлиқ. “Геосиёсий беқарорлик кучайиб, жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат ортиб бораётган бир даврда минтақа давлатларининг халқаро майдондаги позициясини мувофиқлаштириш умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг муҳим омили” экани мақолада қатъий таъкидланди. Шу нуқтаи назардан “Марказий Осиё плюс” форматларини ривожлантириш ташаббуси минтақанинг ташқи сиёсий архитектурасида муҳим ўрин эгалламоқда.
Сўнгги йиллардаги яқинлашув ва ишонч муҳити эса ўз самарасини бера бошлади. Бу ҳамкорлик фақат иқтисодий ёки сиёсий даражада эмас, балки халқлар ўртасидаги маънавий ва илмий робиталарда ҳам яққол кўриниб турибди. Масалан, Чирчиқ давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари қўшни мамлакатлар олий таълим муассасалари билан академик мобиллик ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйгани, етакчи олимларнинг ўзаро тажриба алмашиши – бунга ёрқин мисолдир. Бундай ҳамкорлик нафақат таълим сифатига, балки умумий илм-фан ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Президент мақоласида яна бир муҳим ҳақиқат таъкидланди. Марказий Осиё – дунёнинг энг ёш ва аҳолиси тез ўсиб бораётган минтақаларидан бири. Бу эса интеграцияни давр талаби сифатида қўймоқда. Яшил иқтисодиётга ўтиш, рақамлаштириш, Афғонистонда тинчлик ва тикланишни қўллаб-қувватлаш – буларнинг барчаси узоқ муддатли барқарорлик учун зарур сиёсий ва иқтисодий асосдир. Президент бу жараёнларни бешта устувор йўналишда изоҳлаб берди. Хавфсизликнинг бўлинмаслиги, иқтисодий йўлакларни кенгайтириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, барқарор интеграция ва ташқи сиёсатда ўзаро яқинлашув.
Ўзбекистон ташаббуслари – мультимодал йўллар, савдо транзитини кенгайтириш, транспорт логистикасини ривожлантириш – бу ғояларнинг амалиётдаги ифодаси сифатида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида урғу берган яна бир масала минтақавий институтларнинг ролидир. Самарали институтларсиз узоқ муддатли ҳамкорликни таъминлаб бўлмаслиги очиқ айтилди. 2024 йил Остонада қабул қилинган “Марказий Осиё – 2040” концепцияси, 2022 йилги Чўлпонота шартномаси каби ҳужжатлар суверен тенглик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларини мустаҳкамлади. Бу ҳужжатлар минтақа давлатларининг нафақат ички интеграциясини, балки глобал даражадаги нуфузини ҳам кучайтирмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, мақоладаги ғоялар минтақадаги ҳар бир инсон, ҳар бир зиёли ва ҳар бир раҳбар учун янги мотивация манбаидир. Яхши қўшничилик – бу ресурс, ҳамжиҳатлик – куч, ўзаро қўллаб-қувватлаш эса умумий келажакка олиб борадиган йўл. “Янги Ўзбекистон” ғояси минтақавий яхлит ривожланиш билан уйғунликда намоён бўлаётгани ҳам шунинг далилидир.
Марказий Осиё ҳақиқатан ҳам янги давр остонасида турибди. Бу давр тинчлик, барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва умумий ютуқлар давридир. Президентнинг мазкур мақоласи эса нафақат сиёсий ҳужжат, балки минтақа келажагига “Йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади.
Тошкентдаги саммит шу руҳ, шу стратегия, шу истиқбол асосида ўтди. Ушбу ташаббуслар Марказий Осиёнинг глобал майдонда ўз ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ва стратегик қадамдир.
Адиба ДАВЛАТОВА,
Чирчиқ давлат педагогика университети профессори.
ЎзА