Минтақада тинчлик, барқарор тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим қадамлар
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган, Марказий Осиёда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва интеграцияни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий воқеа бўлди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, халқаро хавфсизликка оид янги таҳдидлар ҳамда транспорт-логистика занжирларидаги ўзгаришлар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни чуқур ўйланган, узоқни кўзлайдиган ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида юритишни талаб этмоқда. Айниқса, тарихий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан бир-бири билан чамбарчас боғланган Марказий Осиё мамлакатлари учун тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётнинг энг муҳим омили – яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва интеграцияни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида айнан ана шу тамойиллар устувор аҳамият касб этмоқда.
Қўшни давлатлар билан муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, очиқ ва ишончли мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни музокаралар ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал этиш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим белгисига айланди.
Бу сиёсат нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини таъминлашга, балки Марказий Осиёни барқарор тараққиёт, иқтисодий ўсиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳудудига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Бугун минтақада юзага келган янгича сиёсий муҳит ҳам айнан шу изчил сиёсатнинг амалий натижасидир. Агар бир неча йил муқаддам Марказий Осиё кўпроқ чегаралар, ўзаро ишончсизлик ва ечимини кутаётган масалалар билан тилга олинган бўлса, бугун минтақа давлатлари ўртасида стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик устувор йўналишга айланди.
Транспорт-коммуникация йўлакларини биргаликда ривожлантириш, энергетика ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, таълим, илм-фан ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг изчил ривожланаётгани Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги сиёсий ва иқтисодий аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Буни Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани ҳам яққол тасдиқлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мазкур воқеа нафақат қардош Қирғизистоннинг халқаро нуфузи юксалаётганини, балки бутун Марказий Осиё давлатларининг халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва овози тобора мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Бу эса, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамликни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Кейинги йилларда Марказий Осиёда шаклланган ўзаро ишонч муҳити энди алоҳида ташаббуслар даражасидан институционал ҳамкорлик тизимига айланмоқда. Бу жараён минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг барқарорлиги ва узоқ муддатли ривожланишини таъминлайдиган муҳим омилга айланиб бормоқда.
Ана шундай шароитда Президентнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ҳам минтақадаги интеграция жараёнларининг мантиқий давоми ва амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар давомида нафақат икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди, балки уни узоқ истиқболга мўлжалланган аниқ механизмлар асосида ривожлантириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.
Энг муҳими, икки давлат раҳбарлари Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу муносабатларни стратегик шерикликдан давлатлараро алоқаларнинг энг юқори даражасига олиб чиққан тарихий воқеа бўлди.
Шу билан бирга, Президентлар раислигида Давлатлараро кенгаш тузишга келишиб олингани эса қабул қилинган қарорлар ва келишувларнинг узлуксиз ҳамда тизимли амалга оширилишини таъминлайдиган янги институционал механизмни яратди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда икки мамлакатнинг асосий мақсади – икки қардош халқни янада яқинлаштириш, муносабатларни халқлар фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, янги лойиҳалар ва янги ташаббуслар билан бойитишдан иборат.
Айнан шу ғоя ташрифнинг сиёсий фалсафасини ташкил этади. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши фақат икки давлат манфаатларига эмас, балки Марказий Осиёда ишонч муҳитини янада кучайтириш, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва умумий тараққиёт учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, иттифоқчилик муносабатларининг ҳуқуқий асослари яратилгани, иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар соҳаларда қабул қилинган келишувлар нафақат икки қардош халқ манфаатларига, балки бутун минтақада тинчлик, барқарор тараққиёт ва умумий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,ЎзА