Минтақа экологик мувозанатида ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлар
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммитдаги нутқи, унда илгари сурилган ташаббуслар кенг жамоатчилик вакиллари томонидан эътироф этилмоқда.

Мазкур саммитда Ўзбекистоннинг ташаббуслари, мамлакатимизнинг экологик сиёсатидаги натижалар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов билан суҳбатлашдик.
— Ер сайёрасининг экологик манзараси тубдан ўзгариб бораётган айни вазиятда Марказий Осиё давлатларининг бу соҳадаги ўзаро ҳамжиҳатлиги қай даражада муҳим?
— Бугун Марказий Осиё давлатларининг экология соҳасидаги ҳамкорлиги тизимли равишда амалга оширилмоқда. Остона саммити айни ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, тобора ажв олиб бораётган экологик муаммолар ечимида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган муҳим анжуман бўлди.
Бугунги кунда экологик муаммолар глобал иқлим ўзгаришлари билан ёнма-ён ҳолда жадаллашиб бормоқда. Глобал исиш суръатларининг тезлашиб бораётгани барчамизга аён. Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми эриб битди. Ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда, сув ресурслари танқислиги ортиб бормоқда. Минтақа ҳудудидаги ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради.
Ана шундай вазиятда Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айлантирмоқда. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, «Марказий Осиё учун яшил кун тартиби» минтақавий дастури, Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ҳамда Барқарор ривожланиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастур бундай шерикликка мисол бўла олади.
— Шу ўринда, аввало, мамлакатимизда экологик сиёсат доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Ўзбекистон экологик барқарорликни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. «Яшил макон» лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги «яшил белбоғ»лар яратилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги» резолюцияси қабул қилинди.
Сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон йилига 10 миллиард куб метр сувни иқтисод қилмоқда. Мамлакатимизнинг генерация қувватларида «яшил» энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди. Жорий ўн йилликнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади.
Ўзбекистон Париж битими бўйича зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини муддатидан олдин бажарди ва ўз олдига янги мақсад — уларни 2035 йилгача икки баробар қисқартириш вазифасини қўйди. Чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Жорий йилда чиқиндиларни ёқиш бўйича иккита янги завод ишга туширилади, яна 9 таси эса келгуси икки йил давомида фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишга туширилиши ҳар йили 5,5 миллион тонна чиқиндини утилизация қилиш, 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, чиқиндилар ҳажмини 1 миллион тоннадан ортиққа қисқартириш имконини беради.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Остона саммитида илгари сурган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Даватимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари иқлим ва экология муаммоларига қарши ҳамкорликда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлаб, бир қатор аниқ таклифларни илгари сурди.
Жумладан, «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» давлатлараро консорциумини таъсис этиш, Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш, технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун «Марказий Осиё яшил савдо йўлаги»ни шакллантириш, Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш, Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш, биологик хилма-хилликни сақлаш учун «Марказий Осиё Қизил китоби»ни биргаликда ишлаб чиқиш, иқлим кун тартиби ва экологик маданиятни илгари суриш учун экологик таълим ва ёшларни фаол жалб этиш таклифлари минтақа экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Биргина Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласи яратилиши ҳудуддаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини кузатиш ва таҳлил қилишда илмий-таҳлилий базага айланади.
Бугун замонавий экологик таҳдидлар ҳар биримизни, ҳар бир мамлакатни синовдан ўтказар экан, бу жараёнда саъй-ҳаракат ва кучларни бирлаштирган ҳолда йўл тутиш минтақа экологик мувозанатини сақлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
— Марказий Осиё давлатларининг бир-бирига боғлиқ бўлган сув ресурслари ҳам алоҳида мавзу, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш талаб этилади. Маълумки, келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади. Президентимизнинг мазкур Жамғарма фаолиятига оид таклифларига қандай муносабат билдирасиз?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашидаги нутқида Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларининг тобора камайиб бораётгани, иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ортиб бораётгани ҳамда ушбу муаммоларни ҳал этишда давлатлараро ҳамжиҳатлик зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Президент томонидан келтирилган рақамлар ва таҳлиллар вазиятнинг жиддийлигини кўрсатиб, яқин истиқболда сув тақчиллиги нафақат экологик, балки ижтимоий-иқтисодий барқарорликка ҳам таҳдид солишини очиқ-ойдин ифодалайди.
Шу нуқтаи назардан, Жамғарма фаолиятини модернизация қилиш, унинг институционал салоҳиятини кучайтириш ва ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар долзарб ва амалий аҳамиятга эга. Айниқса, Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш ташаббуси минтақавий сиёсий мувофиқликни таъминлашда муҳим қадам бўлади.
Нутқда илгари сурилган дастур ва лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш механизмларини жорий этиш, молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва халқаро институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш каби таклифлар Жамғарма фаолиятини янада натижадор қилишга хизмат қилади. Хусусан, БМТ платформаларидан фойдаланиш орқали инвестицияларни жалб қилиш ташаббуси амалий ечим сифатида эътиборга лойиқ.
Шунингдек, нутқда сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, таълим тизими орқали экологик онгни ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида урғу берилгани муҳимдир. Бу эса муаммони фақат техник эмас, балки ижтимоий ёндашув орқали ҳам ҳал этиш зарурлигини кўрсатади.
Мазкур нутқ Марказий Осиёда сув-энергетика ва экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича комплекс ва узоқ муддатли стратегияни шакллантиришга хизмат қилади.
Илгари сурилган ташаббуслар минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётга эришиш йўлида муҳим сиёсий дастур сифатида баҳоланади.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.
ЎзА