Миннатдорчилик хатлари ота-оналарга топширилди
Ватан олдидаги бурчига садоқатини намоён этгани, давлат чегарасини қўриқлашда жасорат кўрсатгани, намунали ҳарбий интизоми билан сафдошларига ўрнак бўлгани учун Жиззах вилоятидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган уч нафар йигит Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятининг “Миннатдорчилик хати” билан тақдирланди.
Ота-оналар учун фарзандининг ютуқларини, камолини кўришдан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Яхши ният билан тарбиялаб, камолга етказган ўғли ё қизи вақти келиб, юрт корига камарбаста бўлса, ота-онанинг хурсандчилиги, ғурури ўн чандон ошади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган жиззахлик Отабек Ғаниев Ватан олдидаги йигитлик бурчини Наманган вилоятидаги ДХХнинг Чегара қўшинларига қарашли “Н” ҳарбий қисмда аъло даражада ўтамоқда. Жиззах шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда Отабекнинг онаси Дилдора Раҳмоновага ўғли номига Ўзбекистон Республикаси ДХХ раҳбарияти номидан битилган “Миннатдорчилик хати” тантанали равишда топширилди.
[gallery-22080]
Худди шундай фахр ва ғурур туйғусини Жиззах шаҳри Сайхон маҳалласида яшовчи Маърифат опа Тошбоева ҳам кўнглидан ўтказганлиги, шубҳасиз. Чунки Қашқадарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада олиб бораётган ўғли Олладўст Раимқулов ҳам Ўзбекистон Республикаси ДХХ раҳбариятининг “Миннатдорчилик хати” билан тақдирланган ва ушбу миннатдорчилик мактубини эса Маърифат опа фахр ва мамнуният ила қабул қилиб олди.
Жиззах вилояти Пахтакор туманининг Боғишамол маҳалласида яшовчи Олимжон Юсупов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Турсуной Рисбекованинг ўғиллари Самандар Ширинбоев ҳам бугунги кунда муддатли ҳарбий хизматда, у Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ДХХнинг Чегара қўшинлари сафида ўз йигитлик бурчини аъло даражада бажариб келмоқда.
Вилоятнинг уч жойида 3 нафар ҳарбий хизматчининг ота-оналари, яқинлари, маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этган тадбирларда уларнинг намунали ҳарбий хизмати ўқувчиларга ўрнак сифатида кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятининг “Миннатдорчилик хати” ҳар учала мактабда тантанали тарзда ўқиб эшиттирилди ва ота-оналарига топширилди.
Бу каби тадбирлар ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда улар онгида она Ватан олдидаги дахлдорлик ҳисси юксалишига ҳисса қўшади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари