Мингбулоқликлар тиббий кўрикдан ўтказилди
Президентимизнинг “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойили асосида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган изчил сиёсати натижасида жаҳон миқёсида ўта ноёб ва қимматбаҳо саналган мобил-ангиографлар мамлакатимизга келтирилган эди.
Марказий Осиё ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида ягона бўлган мазкур кўп қиррали кўчма диагностик тизим юртимизнинг олис туманлари, чекка қишлоқларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларнинг мушкулини осон қилиб келмоқда.

Мазкур ноёб тиббиёт ускунаси республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманига келтирилди.
Миллий тиббиёт марказининг етук олим-шифокорлари имтиёзли тоифага киритилган юрак хасталикларига йўлиққан олтмишга яқин ногиронлиги бор, кекса, кам таъминланган оила вакилларини коронография текширувларидан ўтказди. Ўндан ортиқ беморда пойтахтимизда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, яна бир гуруҳ кишиларни эса вилоят, туман шифохоналарида имтиёзли даволаш чоралари белгиланди.

– Очиғини айтишим керак, юқори технологик текширувдан ўтиш ва шифокор тавсияларини бажариш учун моддий имкониятим асло йўқ эди. Шундай имконият туманимизда ҳозир этилди. Тромб ҳаётимга жиддий хавф солиб турганлигини аниқланди. Тошкентда операция қилиб, бепул даволашларини айтишди. Биз фуқароларга кўрсатилаётган эътибордан беҳад миннатдормиз, – дейди Эргашали Кенжабоев.

Тадбир давомида вазирлик ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари аҳоли билан соғлом турмуш тарзи ҳақида мулоқотга киришдилар. Кўрик натижаларидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий шифокорларга тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан муҳим йўл-йўриқлар берилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА