Мамлакатимизда сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини бурғулаб, ишга туширган фуқароларга давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 февралда қабул қилинган тегишли қарорига кўра, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига юклатилган.
Унга кўра, аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан, Қорақалпоғистон Республикаси учун 5 метрдан ортиқ бўлган кичик ҳажмдаги ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни 100 фоизи тўлаб берилади. Бироқ, ҳаражатлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаслиги керак.
Шунингдек, камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғоришда қўл келадиган катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ 150 миллион сўмдан ошмаган харажатлар учун субсидиялар берилади.
Жорий йилнинг январь-август ойларида манзилли рўйхат асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сув таъминоти оғир бўлган 295 та МФЙларда жами 412 та, шундан 72 та кичик ва 340 та катта ҳажмдаги артезиан қудуқларни бурғулаб ишга туширилди.
Бунинг учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 48 млрд 200 млн сўм субсидия ажратди.
Бундай эътибор ва ғамхўрлик натижасида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги 10 мингдан ортиқ томорқа ер эгаларига тегишли 1 233 гектар экин майдонларини суғориш яхшиланди.
Фазлиддин Ҳамраев
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакили