Миллийликка йўғрилган ижод
Ўзбекистонлик маҳоратли рассом аёл ижодига оид кўргазма ва маҳорат дарси қардош юртнинг санъат мухлисларида катта таассурот қолдирди.
Дилором Мамедова ижодида миллийлик барқ урган, у ҳар биримиз учун қадрдон бўлган меҳр, садоқат, туғилиб ўсган заминга, ота-онага, умрбоқий эзгу анъаналарга эҳтиром каби туйғуларни бетакрор тарзда ифодалай олган мўйқалам соҳибаси саналади.
Қозоғистоннинг “Тан-Шолпан” мустақил халқаро аёл рассомлар фонди таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, “Эски шаҳар” ижодий гуруҳи асосчиларидан бири, таниқли рассом Дилором Мамедова қардош қозоқ диёрида ижодий сафарда бўлиб қайтди.
Мазкур фонд Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Австрия, Германия, Канада ва АҚШнинг таниқли рассомларини ўз сафида бирлаштирган бўлиб, уларнинг ижодий ҳамкорлигини, тасвирий санъатда фикр алмашинувини ривожлантиришни мақсад қилган.
Қозоғистон давлат санъат музейида “Тан-Шолпан” фонди ташкил қилган кўргазмада турли мамлакатлардан 40 га яқин рассом, жумладан, юртимиз вакиласи Д.Мамедова ижоди намуналари намойиш этилди. Экспозициядан рангтасвир, ҳайкалтарошлик ҳамда амалий безак санъати йўналишидаги ишлар ўрин олди.
Шунингдек, Олмаота шаҳрида Дилором Мамедова “Рангтасвир ва импрессионизм: маҳорат сирлари” мавзусида маҳорат дарси ўтди ва ихлосмандларга ўз фаолияти, ижоди хусусида батафсил сўзлаб берди.
Ўзбекистонлик маҳоратли рассом аёл ижодига оид кўргазма ва маҳорат дарси қардош юртнинг санъат мухлисларида катта таассурот қолдирди.