Марказий банкнинг жорий йилнинг I ярим йиллик молиявий барқарорлик шарҳида қайд этилишича, мамлакатимизда уй-жой нархи юқорилигича қолмоқда – унинг бозор нархи фундаментал нархдан 28 фоиздан юқори. Нархлар иш ҳақига нисбатан 1,8 баравар тезроқ ўсмоқда.
Уй хўжаликлари даромадларидан тезроқ ўсмоқда. Биринчи ярим йил якунида миллий валютадаги кўчмас мулк 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоизга, долларда эса 23 фоизга қимматлашди.
Уй-жой нархлари нофундаментал омиллар (реал иқтисодий шароитлар билан боғлиқ бўлмаган) туфайли юқори даражада шаклланмоқда. Уй-жой нархларининг шаклланишида қурилиш-монтаж ишлари нархлари ортишининг таъсир даражаси камайиб бораётгани кузатилмоқда. Хусусан, қурилиш ҳажмининг ЯИМга нисбати 2024 йил I ярим йиллиги якунида 14 фоизни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 0,5 фоиз бандга камайган. Шунингдек, 2024 йил 1 июль-2023 йил 1 июль давр оралиғида қурилиш-монтаж ишлари нархи 4 фоизга ўсган.
Юқори уй-жой нархлари юқори талабни ва кўчмас мулк бозорида мавжуд таклиф номутаносиблигини сақлаб қолади.
Марказий банк юқори баҳоланган уй-жой нархларидаги тузатишлар хавфи сақланиб қолишини, яъни реал иқтисодий омилларни ҳисобга олган ҳолда фундаментал, объектив қийматга яқинроқ бўлган уй-жой нархининг янада барқарор даражага тушиши эҳтимолини қайд этмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярми якуни бўйича кўчмас мулк бозор нархларининг мамлакат аҳолисининг ўртача иқтисодий аҳволини акс эттирувчи аҳоли жон бошига номинал ЯИМга нисбати 28 фоизни ташкил этди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга кўп. Уй-жой нархларининг аҳоли жон бошига тўғри келадиган номинал ЯИМга нисбати кўрсаткичидаги ўсиш суръати унинг тарихий стандарт четланишига нисбатан юқори шаклланмоқда. Бундай ҳолат кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларини юқори баҳоланганлиги ҳамда маълум бир вақт ўтиши билан нархларнинг пасайиш эҳтимоли юқори эканидан далолат беради.
Бошқача айтганда, тартибга солувчи орган уй-жой нархларининг ҳозирги ўсиши барқарор эмаслиги ва келажакда уларнинг янада мувозанатли даражага қайтиши эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Жорий йил 1 июл ҳолатига кўра, уй-жой нархлари йиллик ўсиш суръатининг ижара ҳақининг ўсиш суръатига нисбати 3,4 ни ташкил этди. Ўз навбатида, 2024 йил II чорагида уй-жой нархлари ва ижара ҳақлари йиллик ўсиш суръатларининг ўзаро нисбати пасайган бўлса-да, ушбу кўрсаткич юқори ҳисобланади. Бунинг сабаби шундаки, уй-жойга инвестиция сифатида қарайдиган кўчмас мулк бозори иштирокчилари ижара даромадидан кўра нарх ўзгаришидан кўпроқ фойда кутмоқда.
Иш ҳақи ва уй-жой нархларининг ўсиш суръатлари орасидаги тафовут юқори даражада сақланиб қолмоқда. 2024 йилнинг дастлабки ярим йиллигида ўртача иш ҳақи 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 17,7 фоизга ўсган. Уй-жойларнинг бозор нархлари эса ўртача иш ҳақининг йиллик ўсиш суръатига нисбатан 1,8 баробар тезроқ ошган.
Ўзбекистоннинг демографик кўрсаткичлари кўчмас мулк бозорида юқори талабнинг сақланиб қолишини кўрсатмоқда. 2024 йилнинг I ярим йиллиги якунига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси йиллик ҳисобда 2,1 фоизга ошиб, 37,1 млн. кишини ташкил этди.
Бироқ кўчмас мулк бозоридаги фаоллик бироз камайган. Биринчи ярим йилликда нотариал идораларда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 160 мингта битим тузилди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 фоизга кам.
Уй-жой бозоридаги фаолликнинг пасайиши аҳолининг харид қобилияти даражаси билан боғлиқ бўлиши мумкин, дея қайд этади Марказий банк. Бундан ташқари, биринчи ярим йил якунларига кўра, ҳар 1000 доимий аҳолига тўғри келадиган ипотека кредити олувчилар сони 10 нафарни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 9 фоизга кўп. Ипотека кредитига эга аҳолининг паст улуши келажакда ипотека кредитлашни кенгайтириш ҳисобига кўчмас мулк бозорида қўшимча талабни юзага келтириши мумкин.
Шуни ҳам айтиш жоиз, кредитга уй-жой сотиб олиш қийинлашди. Аҳоли учун ипотека уй-жойлари мавжудлиги бироз камайди. Уй-жой нархининг ошиши фонида биринчи ярим йилликда берилган ипотека кредитлари ҳажми ошди. Бундай кредитларнинг бир кишига ўртача ҳажми 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошди. Жорий йилнинг биринчи ярмида берилган ипотека кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоиз пунктга юқори.
Ипотека кредитлаш ҳажмининг ўсиши, шунингдек, кредитлар қисқароқ муддатга берила бошлангани сабабли (банкларда ўртача тўлов муддати 18 йилдан 17 йилгача қисқарди) ойлик ипотека тўловлари 22 фоизга ошди. Мамлакатда иш ҳақи ҳам ошган бўлса-да, ипотека тўловларининг ўсиши даромадлар ўсишидан тезроқ эди. Бу омиллар қарз олувчиларнинг тўлов қобилиятини ва ипотека ёрдамида уй-жой сотиб олиш қобилиятини камайтириши мумкин.
Уй-жой сотиб олиш қобилияти индекси пасайиб бормоқда, яъни аҳолининг уй-жой сотиб олиш қобилияти пасаймоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА