Миллий университетнинг археология йўналиши QS халқаро рейтингида юқори поғонани эгаллади
Дунё илм-фани саҳнасида ҳар бир миллатнинг ўз ўрнига ва салоҳиятига эга бўлиши юксаклик белгисидир. Бу салоҳият фақатгина моддий қудрат билан ўлчанмайди. Тарихий илдизларни теран ўрганиш ва уни жаҳонга танитиш доимо муҳим аҳамият касб этган. Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг илмий даражаси турли халқаро ўлчовлар орқали аниқланади. Улар орасида энг нуфузлиларидан бири, шубҳасиз, “Quacquarelli Symonds” (QS) ташкилотининг баҳолаш тартибидир.
Ушбу нуфузли ташкилот ҳар йили дунёнинг минглаб дорилфунунлари фаолиятини чуқур мушоҳада қилади. Уларнинг илмий салоҳиятини элликдан ортиқ аниқ фан соҳалари бўйича ўлчаб беради. Бугун илм-фан оламида муҳим янгилик юз берди. Мутахассислар “QS World University Rankings by Subject 2026” натижаларини эълон қилди. Ушбу рўйхат дунё олимлари томонидан энг кўп ўқиладиган ва таяниладиган манбадир. Жорий йилги натижалар Ўзбекистон илм-фани учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Масалан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тўртта фан соҳаси бўйича энг кучли дорилфунунлар қаторидан жой олди. Бу шунчаки сонлар эмас, балким заҳматли меҳнатнинг ёрқин мевасидир.

Университетдаги энг юқори ва тарихий натижани Тарих факультетининг археология йўналиши қайд этди. Ушбу соҳа Ўзбекистон бўйича илк бор халқаро рўйхатга киритилди. Эндиликда у дунё бўйича 201–260-ўринларни банд этиб турибди. Бу кўрсаткич Миллий университет тарихидаги энг юксак довон ҳисобланади. Узоқ тарихга эга Европа ва Америка билим даргоҳлари билан бевосита рақобатлашиш осон эмас. Бунинг учун олимларнинг илмий ишларига кўп иқтибос келтирилган бўлиши лозим. Шунингдек, халқаро илмий ҳамкорлик тармоғи кенг ёйилган бўлиши талаб этилади. Археология соҳасидаги бу ютуқ ўзбек олимларининг тадқиқотлари дунё миқёсида тан олинганини англатади.
Бу зафар тасодифий эмас. Унинг замирида мустаҳкам тарихий пойдевор ётибди. Ўтган асрдаёқ Миллий университетнинг археология мактаби ўзининг кучли илмий салоҳияти билан шуҳрат қозонган эди. Илм аҳли орасида у “Ўрта Осиё археологияси мактаби” номи билан маълум ва машҳурдир. Бугунги кунда республикамизнинг етакчи археолог ва санъатшунос олимларининг аксарияти айнан шу мактаб вакилларидир.Факультет нафақат маҳаллий, балки юздан ортиқ чет эллик мутахассисларни ҳам тайёрлаган. Улар жаҳон илм-фани ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Бугунги ютуқ хусусида Тарих факультети декан ўринбосари Отабек Мўминов ўз мушоҳадаларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, университет олимлари узоқ йиллар давомида нодир топилмалар устида тинимсиз изланишлар олиб борди. Бу заҳматли меҳнатлар эндиликда дунёнинг энг нуфузли илмий минбарларида ўз эътирофини топмоқда. Рўйхатдаги бундай юқори ўрин жамоага янада катта масъулият юклайди. Археология ва этнология кафедраси мудири, профессор Файзулла Очилдиев ҳам ушбу эътирофнинг моҳиятини очиб берди. Олимнинг таъкидлашича, халқаро баҳолаш мезонлари жуда қатъий ва мураккабдир. Баҳоловчи ташкилот олимларнинг нашр этилган мақолалари салмоғини ва уларнинг таъсирини кескин ўлчайди. Илмий ишларнинг сифати қатъий назоратдан ўтади. Бу натижа ўзбек археология мактабининг тириклигини, унинг томирларида ҳамон кучли илмий қон оқаётганини тасдиқлади.
Албатта, муваффақиятлар фақатгина бир соҳа билан чекланиб қолмади. Университетнинг “Математика” йўналиши аввалги натижаларидан юз поғона юқорига кўтарилди. Эндиликда у 301–350-ўринларни эгаллаб турибди. “Лингвистика”, яъни тилшунослик соҳаси эса илк бор кучли 301–350 дорилфунунлар қаторидан жой олди. “Физика ва астрономия” йўналишида ҳам кескин ўсиш кузатилди. Бу соҳа икки юз поғона юқорилаб, 401–450-ўринларни мустаҳкамлади. Буларнинг барчаси аниқ фанлар ва ижтимоий соҳалардаги улкан уйғонишдан далолат беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда тарих фанини, хусусан, археологияни ривожлантиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Миллий қадриятларимизни тиклаш ва ўтмишни ўрганиш юқори даражага кўтарилган. Тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш, халқимизнинг бой ўтмишини холис ва ҳар томонлама чуқур тадқиқ этиш заруратга айланди. Бу интилишлар замирида келажак авлодни ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳида тарбиялашдек эзгу мақсад мужассам. Мозийни теран англамасдан туриб, буюк келажакни қуриб бўлмайди.
Миллий университетнинг жаҳон майдонидаги бу юксалиши оддий ҳодиса эмас. Бу ўзбек халқининг интеллектуал мероси ҳамон дунёни лол қолдиришга қодир эканининг бир исботидир. Ота-боболаримиз қолдирган бой тарихий изларни жаҳонга танитиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Эришилган ушбу тарихий натижа ёш тадқиқотчилар учун кучли туртки бўлиб хизмат қилади. Улар эндиликда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда илм-фан пешқадамлари бўлишга интиладилар. Буюк ўтмиш ва келажакни боғловчи илмий занжир янада мустаҳкамланди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА