Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар, ҳунарманд ва спортчилар, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, сайловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уни келажак авлодларга бешикаст етказиш, халқимизнинг миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар, кўп асрлик тарихини чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, ҳар бир ватандошимиз онгида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифлари ҳисобланади. Партиянинг бош мақсади қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуришдир. Етти йўналишдан иборат 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурининг асосий мағзи эса “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори асосида барча ғоя ва ташаббусларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун бўлишига эришишдир.
[gallery-19553]
– Биз учун қадрият миллий урф-одат, анъана ва кўп асрлик тарихимизнинг чуқур ифодаси, воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш воситасидир, – дейди партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Зуҳра Тажихожаева. – “Тараққиёт” эса ривожланишнинг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига йўналган шакли бўлиб, жамият ва давлат ривожининг юксалишини ифодалайдиган, инсон тафаккурининг улғайиш, янгиланиш ҳамда тикланиш йўналишидир.
Партия учун энг устувор масала, шубҳасиз, тарбия. Янги дастурда ҳам ана шу ғоядан келиб чиқиб, баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида бугун Янги Ўзбекистонда ҳаёт-мамот масаласига айланган тарбия ва таълим, яъни мактабгача ва мактаб, олий таълим масалаларига устуворлик берилган. Миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, қадриятларни сақлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини ошириш, оилани мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларга муносиб шароитлар яратиш бўйича ҳам қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасидан Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодлар сўзга чиқиб, ўз сайлов ҳудуди шарт-шароити ва аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб тайёрлаган сайловолди дастури билан таништирди.
Турли соҳа вакиллари номзодларнинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Барчани 27 октябрда ўтадиган сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирди.
Тадбирдан сўнг фаоллар Нукус шаҳри “Қумбиз овул” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, партиянинг Сайловолди дастури юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боришди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари