Миллий табиат боғига пресс-тур ташкил этилди
Табиатда ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини сақлаб қолиш ҳамда уларни сон жиҳатидан кўпайтиришда миллий боғлар, қўриқхоналар алоҳида аҳамиятга эга.
Юртимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида 2022 йилнинг 16 февралида “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида умумий майдони 1,2 миллион гектар бўлган “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи ва Томди туманида умумий майдони 40 минг гектар бўлган “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси ташкил этилди.
Бугунги кунда Миллий табиат боғида амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган саноқ жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят Экология, атроф муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, журналист ва блогерлар “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғида бўлишди.

Миллий табиат боғининг қўналғаси вилоят марказидан 360 километр узоқликда Учқудуқ туманининг Қулқудуқ овулида жойлашган. Бу ерда 40 нафарга яқин ходим фаолият олиб боради.
Миллий табиат боғи овулдан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган бўлиб, йўлнинг асосий қисми чўл ҳудудидан ўтганлиги боис махсус автомашиналарда борилади.

– Миллий табиат боғи қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналаридан иборат, – дейди “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи директори Жалолиддин Маманазаров. – Ҳайвонот олами популяцияси ва популяция динамикасини аниқлаш мақсадида ҳар йили мавсумий, баҳор ва куз ойларида мониторинг ишлари олиб борилади. Бугунги кунда Миллий табиат боғида сут эмизувчиларнинг 19 тури, қушларнинг 33 тури, судралиб юрувчиларнинг эса 9 тури учрайди. Улардан судралиб юрувчиларнинг 3 та, қушларнинг 20 та ва сут эмизувчиларнинг 9 та тури “Қизил китоб”га киритилган.

Манзилга бориш учун куннинг иссиқлиги ва узоқлиги ҳисобга олиниб, кеч соат 10 лар атрофида 4 та “Нива” ва 1 та “JAС” русумли автомашинада йўлга тушилди.
Йўл узоқ, қолаверса, йўлнинг қумлар орасидан ўтиши ҳаракатни секинлаштиради. Қумли барҳан, саксовулзорлар оралаб кетилар экан, суҳбатимиз мавзуси броконерларга бориб тақалади.

– Бир куни Миллий табиат боғи ҳудудига броконерлар кирганлиги тўғрисида хабар олдик, – дея гап бошлади Жалолиддин. – Уларнинг изига тушгач, автомобилимиз балони тешилди. Броконерлар йўлга темир қозиқлар кўмиб кетишган экан. Излай-излай қозиқларнинг 15-20 тасини топдик. Қийинчилик билан бўлсада, барибир уларни ушлаганмиз.

Ҳафтада бир-икки марта боққа келиб- кетамиз. Ҳеч қачон инспекторларимиз бир киши юрмайди. Камида икки киши бўлишади. Ҳар қандай вазият бўлиши мумкин. Масофанинг узоқлиги, йўлнинг ноқулайлигини ҳисобга олиб, доимо иккита автомашинани йўлга чиқараман. Мабодо бири бузилиб қолса, инспекторлар иккинчисида манзилгача етиб боришади. Ўтган йили кузда қорақалпоғистонлик бир чўпон 800 та қўйини, гарчи ҳудудга кириш мумкин эмаслиги тўғрисидаги белгини кўрган бўлсада, ҳудудимизга олиб кирибди. 6 нафар ходимимиз чўпон билан биргаликда пиёда 80 километр масофага қўйларни ҳайдаб келишди. Тегишли тартибда ҳужжатларни расмийлаштириб, судга тақдим қилдик. Суд томонидан табиатга етказилган зарар сифатида 278 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Суҳбат қизигандан қизиб, манзилга етиб борганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Қарийб 6 соат атрофида йўл юриб, соат 3 ларда дам олишга ётдик. Эрталаб соат 7 ларда эса боғ ҳудудини кўздан кечириш, қолаверса, ҳайвонот ва ўсимлик турларини саноқдан ўтказиш мақсадида гуруҳларга бўлинган ҳолда йўлга тушдик.
– Ҳар йили 2 маротоба саноқ ўтказишда ёрдам бериш учун келамиз, – дейди “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси раҳбари Йўлчибек Эшонов. – Бугун саноқ даврида қамишзорлар атрофида 2 та ёввойи чўчқа ва унинг 9 та боласини учратдик. Улар тўғрисида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида фотоқопқон қўйилди. Оқ қуш, қолаверса, шу кунга қадар рўйхатга олинмаган пушти сақоқушни кўрдик. Бу ҳам биз учун янгиликлардан биридир.

Йўл-йўлакай қуён, тошбақа, турли қушларни учратамиз. Мақсадимиз эса жайронни кўриш. Тушликка яқин бир дона жайронга дуч келдик. Аммо атрофида одамзод юрганини пайқаган жайрон тезликда кўздан ғойиб бўлди. Уни кимдир кўрди, кимдир эса “Қани, қани”, дея бир-биридан сўрашга улгурди холос.
– Ҳудуд Қозоғистон давлати билан чегарадош бўлиб, чегара сим билан ажратилган, – дейди “Жонли табиат” нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари Эшмамат Тоғаев. – Бу эса жайронларнинг кўчиб юриши учун ноқулайлик туғдиради. Сабаби қишнинг совуқ кунларида нисбатан илиқроқ ҳудуд излаган жайронлар сим тўрларига ўралашиб, нобуд бўлиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида чегарани очиш масаласини қайта кўриб чиқиш зарурати бор. Бу ҳайвонот дунёсининг янада кўпайиши учун хизмат қилиши мумкин.
Сафаримиз қариб, ортимизга қайтдик. Йўл-йўлакай ҳамроҳимиз -- вилоят Экология, атроф муҳит ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Болтаев жайронларни кўрганлиги айтиб, машинани тўхтатишни айтиб қолди. У кўрсатган томонга қараймиз. Ҳақиқатан ҳам 3 та жайрон югуриб бормоқда. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Ахир ана шу жайронларни кўриш учун ҳам йўлга чиққан эдик-да. Мақсадимизга эришдик. Кайфиятимиз чоғ ҳолда овулга қайтдик.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири