Миллий табиат боғи қор билан қопланди
Сурхондарё вилоятидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи оппоқ қор билан қопланди. Она табиатнинг ноёб наботот ва ҳайвонот дунёсини ўзида жамлаган миллий боғ Ҳисор тоғ тизмалари бағрида “Узун” давлат ўрмон хўжалигининг 27 минг 851 гектар ер майдонида ташкил этилган.
Боғнинг “Кундаи жувоз”, “Усточи беоб”, “Мизот”, “Занбек”, “Зинчоб”, “Киштут”, “Тамархуд”, “Зевар” ҳудудларида тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган турли дов-дарахтлар, “Қизил китоб” га киритилган ноёб жониворлар ва қушлар, дарёларида қизил форель, маринка балиқлари учрайди. Баҳор, ёз ва куз фаслларида товланиши кўзни қамаштирадиган ранг-баранг гуллар, ифори димоққа хуш ёқадиган шифобахш гиёҳлар баҳри-дилингизни очади.


–Назоратчиларимиз учун ўта масъулиятли фасл бошланди, – дейди ЎзАга зумрад қиш суратларини юборган табиат боғи директори Нуриддин Саттаров.–Бунгача ҳам тоғ чўққиларига қор тушган эди. Бугун ҳудудни тўлиқ қалин қор қоплади. Энди назоратчиларимиз боғда яшайдиган жониворларга зарур ҳолларда озуқа етказиб беради. Қиш уйқусига кетмаган ҳайвонларни кузатади.


Олинган маълумотларга кўра, ёғаётган қорнинг баландлиги “Тўпаланг” дарёси бўйларида беш сантиметрни, дарё сатҳидан чамаси 500 метр баландликда ўртача 20-50 сантиметрни, ҳаво ҳарорати 0° –10° даражани ташкил этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири