Маълумки, My.gov.uz порталида барча фанлардан (тегишли умумтаълим ва махсус фанлардан) билиш даражасини аниқлаш ва миллий сертификат олиш учун имтиҳонда қатнашишга ариза бериш хизмати жорий этилган. Миллий сертификат имтиҳонлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан тартибга солинади.
Унга кўра, тегишли умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификат даражасига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал балл ёки максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби йўлга қўйилган.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган айрим тест топшириқлари ҳамда эссе мавзуларининг имтиҳон саволлари билан мувофиқлиги агентлик томонидан ўрганиб чиқилди. Таҳлил жараёнида мазкур ҳолат турли омиллар таъсирида юзага келгани маълум бўлди.
Маълумки, ёзма саводхонликни баҳолашда ўлчов воситаси сифатида ёзма ишнинг эссе туридан фойдаланилмоқда. Эссе ёзиш технологияси бўйича кўникма ва малакаларни шакллантириш ва ўзлаштириш талаби яқин йиллардан бошлаб таълим дастурларида белгилаб кўрсатилди. Шу сабабли дастлаб миллий тест тизими доирасида она тили ва адабиёт фанидан ўтказилган имтиҳон жараёнларида ёзма саводхонликни баҳолашга йўналтирилган тест топшириқлари сифатида ўқув дастурларида белгилаб кўрсатилган мавзуларга мос вазиятларга оид эссе ёзиш талаби белгиланган эди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, талабгорлар орасида ёзма саводхонликни оширишга бўлган эътибор ортгани боис эссе ёзиш малакаси ҳам тўлақонли шаклланиб бормоқда. Шу боис ўтказилаётган имтиҳон жараёнларида эссе мавзулари сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этаётган, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган, эътиборга лойиқ долзарб ва қизиқарли мавзулар танланмоқда.
Хусусан, таълим соҳасидаги муаммолар, хусусий олий таълим муассасалари фаолияти, айниқса, жорий йилда бўлиб ўтган “Париж-2024” ёзги Олимпиада ўйинларида юртдошларимизнинг қўлга киритган ютуқлари асносидаги спорт ва таълимга бўлган эътибор мавзуларининг кенг жамоатчилик муҳокамасида экани сир эмас. Эссе учун омма эътиборида бўлган мавзулар танланиши бир қанча сабаблар туфайлидир. Талабгор учун нотаниш мавзу унинг тилни билишга оид билимларини аниқлашга хизмат қилмаслиги мумкин. Эссе ёзиш жараёнида талабгорнинг жамиятшунослик, тарих ёки бошқа фанларга оид билимлари эмас, балки унинг ёзма саводхонлиги текширилади, матн яратиш, матнга хос мантиқий-мазмуний хусусиятлар, тил бирликларидан матнда тўғри фойдалана олиш, имло қоидаларига амал қилиш, тиниш белгиларини тўғри қўллай олиш, луғат бойлигидан унумли фойдалана олиш каби билим, кўникма ва малакалар баҳоланади.
Қайд этилишича, умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш учун тузиладиган тест топшириқлари умумий ўрта таълим тизимига жорий этилган давлат таълим стандартларига ҳамда таълим ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Хусусан, она тили фанидан лингвистик ва нутқий компетенцияларни, адабиёт фанидан бадиий асарни таҳлил қилиш ҳамда адабий-нутқий компетенцияларни баҳолашга йўналтирилган тест топшириқларидан фойдаланилган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда айрим очиқ ва ёпиқ турдаги тест топшириқлари ҳам турли муҳокамаларга сабаб бўлган. Таҳлиллар жараёнида мазкур тест саволларининг айримлари агентлик томонидан ҳозирги кунга қадар ўтказилган имтиҳонларда фойдаланилган тест топшириқларига мос келсада, уларнинг аксарияти Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тест базасига дахлдор эмаслиги маълум бўлди. Муҳокамага сабаб бўлаётган айрим тест топшириқларининг 2- ва 3-ноябрь кунларида бўлиб ўтган имтиҳон вариантларидаги тест топшириқлари билан мувофиқлиги бевосита Раш модели илмий-назарий таҳлили талаблари билан боғлиқ.
Унга кўра, бир ўқув йили давомида ўтказиладиган имтиҳонларда фойдаланиладиган тест вариантларининг қийинлик даражаси мутаносиблигини таъминлаш асосий омил ҳисобланади. Қолаверса, тест вариантининг қийинлик даражаси талабгорларнинг тест топшириқларига берган тўғри жавоблари орқали белгиланади. Айни бир саволга берилган тўғри жавоблар сони ортиб бориши билан Раш модели асосида мазкур тест вариантига бериладиган балл камайиб боради. Муқаддам ўтказилган имтиҳонлардан сўнг кенг жамоатчиликка маълум бўлган айрим тест топшириқларининг 2024 йил 2- ва 3-ноябрь кунларида бўлиб ўтган имтиҳон тест вариантларида ҳам такрорланганини мазкур илмий-назарий таҳлил талаби сифатида изоҳлаш мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА