Миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда
Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда.
Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда.Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур нуфузли форум дўст ва қўшни мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар ўртасидаги яқин шериклик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Кўргазмада иштирок этиш учун Ашхободга Ўзбекистоннинг кўп қиррали саноат салоҳиятини намоён этувчи 70 дан ортиқ компания ва корхоналардан 250 нафар бошқарувчи ва мутахассислар делегацияси ташриф буюрди. Бу эса, икки давлат ишлаб чиқарувчиларининг ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортаётганидан далолатдир.
Экспозиция майдонида Ўзбекистоннинг тоғ-кон, металлургия, нефть ва газ, машинасозлик, электрэнергетика, тўқимачилик ва кимё саноати, қурилиш материаллари, маиший техника, озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корпорация ва компаниялари иштирок этмоқда. Шунингдек, кўргазмада миллий автомобилсозлик, турли суғурта хизматлари ютуқлари ҳамда халқимизнинг маданияти, амалий санъат ва ҳунармандлигининг ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан танишиш мумкин.
Мазкур кўргазмада "Ўзбекнефтгаз", "Ўзқурилишматериаллари", Навоий кон-металлургия комбинати, "Ўзкабель", "Ўзкимёсаноат" компаниялари томонидан юқори сифатли маҳсулотлар ва янги технологиялар тақдим этилмоқда.
Юзлаб корхона ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва экспорт қилинадиган дори-дармон маҳсулотлари, тиббиёт воситалари ва техникаларини намойиш этмоқда.
Кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда "Ravon" брендли «Spark», «Gentra» ҳамда «Chevrolet Malibu» енгил автомобиллари намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, "Ўзавтосаноат" компанияси туркманистонлик ҳамкорларга замонавий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланган юк автомобиллари, сут ташувчи ва тез ёрдам машиналарини ҳам тақдим этаётир.
«Alimkhan Exim Group» компанияси Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг турли маҳсулотларини бозорларга олиб чиқишга кўмаклашувчи йирик хусусий ташқи савдо компаниясидир. Компания стендидан девор ва пол қопламалари учун шишали мозаика, кўп камерали пластик профиллар, «Woodwin» брендли технологик листлар, сув ўтказмайдиган мебель листлари, экологик талабларга жавоб берадиган полимер бўёқлари жой олган.
"Мехмаш", "Bektemir metall konstruksiyalari", "Al Star", "Plast Co", "Mastec", "Eco Climat" корхоналари томонидан эса, кенг турдаги кабель ва қувурлар, иссиқхоналар учун пўлат сим ва металл конструкциялар, композит плиталар, ҳаво алмаштириш тизимлари иситгичлари каби маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистоннинг маиший техника ишлаб чиқарувчи йирик компанияси "Artel" телевизор, чангютгич, ошхона плиталари ва музлатгичларнинг замонавий русумларидан намуналарни тақдим этаётган бўлса, ёнида "Coven Elektro" (электроплиталар ва микро тўлқинли печлар) ҳамда савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари учун музлатгич камералари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Sam-Ferre" корхоналарининг маҳсулотлари жой олган.
Шунингдек, кўргазмада замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари ва мебеллари, тўқимачилик, қандолат, озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.