Миллий рўйхатдан ўтказиш бепул бўлади
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 январдаги «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ушбу қарор интеллектуал мулкни ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада ривожлантиришга қаратилган. Мазкур ҳужжат билан интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилгани ҳам фуқароларга қулайлик яратади.
Интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалий ишлар дастури тасдиқланган. Эндиликда вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг биринчи раҳбарлари «Йўл харитаси» ва дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминлайди.
2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчиларнинг чет элда товар келиб чиққан жой номлари (географик кўрсаткичлар)ни рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Масалан,«Риштон кулолчилиги», «Марғилон адраси», «Олтиариқ узуми», «Қува анори», «Бешариқ», «Самарқанд қоғози», «Жиззах сомсаси», «Бухоро зардўзчилиги», «Шаҳрисабз», «Муборак,” «Касби», «Чироқчи» каби жой номлари жаҳонда баралла янграйди. Юртимиздаги жой номлари билан боғлиқ товар ва хизматлар оммалашади.
Шунингдек, жорий йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради. Энг муҳими, экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
2021 йил 1 октябрга қадар агентлик ҳузурида «Патент платформаси» ишга туширилиши белгиланди. Мазкур платформа давлат бошқаруви органлари, давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектлари ҳисобини тўғри юритиш, уларга бўлган ҳуқуқларни хўжалик муомаласига киритиш, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштиришга кўмаклашади.
Мазкур имтиёзлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда миллий брендлар пайдо бўлишига ҳисса қўшади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА