Бухоро давлат педагогика институтида “Миллий қадриятларнинг энг фаол тарғиботчиси” танлови ўтказилди.
– Танловни ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашдан иборат, – дейди институт ректори Баҳодир Маъмуров. –Шунингдек, мазкур тадбир талаба-ёшларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшларни миллий ва умуминсоний, ижтимоий ахлоқий, маданий ва маънавий қадриятларимиз, анъана, урф-одат, миллий санъатимиз билан яқиндан таништириш, ёшларнинг тарихий тафаккурини юксалтириш орқали олий таълим муассасаларида олиб борилаётган маданий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишга эришишга хизмат қилади.
Танловда институтда мавжуд 5 та факультет талабаларидан иборат жамоалар 3 та шарт асосида ўзаро баҳслашди. Ушбу шартларда жамоаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан танланган мусиқалар, кийимнинг миллийликка мослиги, ижрочиларнинг маҳорати, овоз имкониятлари, урф-одатларнинг бир-бирига боғлиқлиги, яхлитлик, саҳнага олиб чиқилган анъана, қадрият ва урф-одатларнинг боғланиши, жамоанинг умумий бирликда намоён бўлиши, рақс ва куй қўшиқ, мусиқий безаклар маҳорат билан ижро этилганлиги инобатга олиниб, баҳоланди.
[gallery-14359]
Кўтаринки руҳ ва аъло кайфиятда ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, 1- ўрин Тиллар факультетига, 2- ўрин Ҳарбий таълим факультетига, 3- ўрин Педагогика ва ижтимоий фанлар факультетига насиб этди.
Танлов янги иқтидор эгаларини кашф этди. Хусусан, танловда Малоҳат Жунайдова “Энг яхши миллий рақс ижрочиси” ва Ферангиз Матёкубова “Энг яхши миллий қўшиқ ижрочиси” номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.
Ғолиб жамоалар пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/75adpz5dp8A" title="“Миллий қадриятларнинг энг фаол тарғиботчиси” танлови" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари