Миллий пичоқсозлик мактабининг етук вакили
Пичоқчилик ўтмишда қуролсозликнинг энг кенг тарқалган соҳаси бўлиб, муҳим касб бўлгани учун деярли ҳар бир шаҳарда пичоқчилар фаолият кўрсатган. Баъзи жойларда бу касб санъат даражасига кўтарилиб, мактаблар шаклланган. Жумладан, Андижон, Фарғона водийсида Қўқон, Чуст, Шаҳрихон, Қорасув мактаблари фаолият юритган.
Хусусан, машҳур пичоқсоз Раҳматхўжа Алихўжаев XVII аср охири XVIII аср бошларида Шаҳрихон пичоқчилик санъатига асос солган пичоқчи уста Исмоилхўжа сулоласининг 7-авлод давомчисидир.
Раҳматхўжа Алихўжаев анъанавий пичоқчилик ҳунарини отаси уста Алихўжа Убайдуллаевдан ўрганади. Аждодлардан сақланиб келган маҳорат ва замонавий усулларни уйғунлаштирган ҳолда ўз ижодий намуналарини ясаб келмоқда.

Жумладан, қилич, пичоқ, ханжар, қайчи ҳамда уларнинг тиғи ва дасталарига безак бериб ўз ижодини бойитиб келмоқда.
Р.Алихўжаев бугунги ўзбек миллий пичоқсозлик санъатининг энг йирик ва нуфузли марказларидан бири - 200 йиллик тарих анъанасига эга Шаҳрихон миллий пичоқсозлик мактабининг етук вакили ва амалий сардори.

Устанинг анъанавий ва бетакрор сайқал берилган “Кумуш сарбаста”, Бриг сарбаста”, “Суқма”, “Чилмиха”, дастали “Қайқи”, “Қозоқча”, “Толбарги” ва бошқа турдаги пичоқлари нафақат республикамизда, балки Япония, Саудия Арабистони, Туркия, Германия, Ҳиндистон, Америка каби хорижий давлатларда халқаро, бадиий кўргазмалар, савдо ярмаркалари ва хусусий савдогарлар орқали ўзбек миллий пичоқчилик санъати намунаси сифатида тарқалган.
“Эшон ака пичоқлари” номи билан элга машҳур бўлган Р.Алихўжаев пичоқлари бугунги ёш усталар орасида юксак дид, беқиёс маҳорат, касбга муҳаббат ҳамда буюк қадриятлар рамзи бўлиб қолмоқда.
Р.Алихўжаев қадимий ота-боболар анъанасини сақлаб қолган ҳолда дастаси табиий қўтос ва кийик шохларидан, илик суякларидан қоплаб, уларга садаф кўзлари билан сайқал бериб, Шаҳрихон пичоқсозлик мактаби ривожига улкан хисса қўшиб келмоқда.
Р.Алихўжаевнинг бош шогирди Содиқжон Неъматов “Ташаббус-2007” кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль ва Президент совринини қўлга киритди ва “Матиз” автомашинаси билан тақдирланган
Р.Алихўжаевнинг шогирдлари Мамиржон Сайидохунов ва Ҳабибулло Устахоновлар Украина пойтахти Киев шахрида 2007 йилда ўтказилган “Мастер клинок” кўргазмасида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгаллаш орқали ўзбек миллий пичоқчилик санъатининг дунё тиғ усталари ўртасида ўзига хос ўрни бор эканини исбот қилди. Р.Алихўжаевнинг Андижон халқ амалий санъати ривожига қўшган хиссалари беқиёс.
Гулноза Бобоева,
ЎзА