Муносабат
Маълумки, миллий-маданий меросимизнинг бир бўлаги бўлган миллий ўйинларни ривожлантиришга етарлича эътибор берилмаган бир даврларда яшаб ўтдик. Аксинча, улардан тор мақсадлар йўлида фойдаланиб келинган замонларни кўрдик.
Мустақиллик шарофати билан аждодларимиздан мерос миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг бой анъаналари ва қадриятларини янада ривожлантириш борасида бир мунча ишлар амалга оширилди.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон янги имкониятлар мамлакати тамойили асосида қадриятларимиз, хусусан миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини янада оммалаштириш ва дунёга танитиш ҳамда уларни умумжаҳон маданий мероси дурдонасига айлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қадриятларимизнинг дунёга бўй кўрсатиши, қадр топиши йўлида муҳим дастуриламал бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг барҳаётлигига замин яратди. Очиғи, яқин йилларда халқ ўйинларини ривожлантириш бўйича бундай тарихий ҳужжат қабул қилинмаганди.
Бу, буюк аждодларимиздан мерос миллий ўйинларнинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди остида турли спорт турларининг жаҳон ареналаридаги ўрнини ошириш, ёшларнинг миллий спорт турларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тарихий манбааларда халқ ўйинларининг келиб чиқиши ҳамда ривожланишига доир қизиқарли ҳикоялар, воқеалар мавжуд. Уларни илмий томондан янада кенгроқ ўрганиш, тадқиқ этишда ушбу қарорнинг аҳамияти жуда юксакдир.
Олимларнинг такидлашича, халқимизга хос миллий ўйинларнинг пайдо бўлиши эрамизгача бўлган даврларга тўғри келади. Буни археологик, этнографик, фольклор ва бошқа манбаалар тўла-тўкис тасдиқлайди. Хусусан, саклар, массагетлар ва бошқа қабилалардаги ўйинлар, мусобақалар бугун ҳам халқимизнинг энг севимли урф-одатлари сирасига киради. Отлар билан боғлиқ мусобақалар, кураш, оқ суяк каби ўйинлар шулар жумласидан.
Ёдимда, 1990 йиллари юртимизда муштлашув жангларини ўзида мужассам этган бир қанча халқларнинг миллий ўйинлари, якка кураш спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратдик. Уларни оммалаштирдик. Мусобақалар ўтказдик. Хусусан, армрестлинг, сирим кабилар шулар жумласидан. Лекин афсуслар бўлсинки, ушбу спорт турлари у ёки бу шаклда қадимдан юртимизда мавжуд бўлган. Масалан, “қўл панжа кураш” халқ ўйини, шунингдек, Бухорода муштлашув санъатининг энг мукаммали ўзбек муштлашувида бўлганлигини тарихий китоблардаги манбаалар тасдиқлаб турибди.
Шу ўринда айтиш жоиз, юртимизда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар, давлат дастурлари асосида миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари тарихини ўрганиш бўйича “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”си яратилди. Уни нашр қилиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур эзгу ишларнинг амалга ошиши эса халқимиз қалб-қўрида асраб келинган қадриятларнинг ривожи ҳамда унинг оммавийлиги муҳим аҳамият касб этади.
Носир АЗИЗОВ,
Ўзбекистон белбоғли, бел олиш ва уч кураш
миллий ассоциацияси бош котиби.
ЎзА