Миллий мусиқа санъатимизнинг хазинабони
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида устоз ижодкор, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Юнус Ражабий таваллудининг 125 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
«Академик Юнус Ражабий мероси ва замонавийлик» мавзусидаги ушбу конференция Маданият вазирлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда АҚШ, Исроил, Тожикистон, Озарбайжон каби давлатлардан экспертлар, олимлар, мусиқашунослар иштирок этди.
Ўзбекистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги уй-музей директори Ҳасан Ражабий, Ўзбек миллий мақом санъати маркази директори, профессор Сойибжон Бегматов ва бошқалар мамлакатимизда миллий мақом санъатини ривожлантириш, унинг равнақига умрини бағишлаган устозлар меросини оммалаштириш, хотирасини эъзозлаш доимий эътиборда эканини таъкидлади.

– Мақом санъатига меҳр-муҳаббат устоз Юнус Ражабийнинг фидокорлиги, бу таълимотга қўшган ҳиссалари сабаблидир, – деди ҳозирда АҚШда истиқомат этаётган Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков. – Юнус Ражабий мероси шундай мероски, дунё ҳануз ундан баҳра олмоқда, тадқиқотлар қилмоқда.
– Юнус Ражабий билимининг чуқурлиги барчамизни ҳайратга солади, – деди тожикистонлик санъатшунос олим Аслиддин Низомов. – Хорижий мусиқачилар ҳануз Юнус Ражабий ижодини ўрганишни ўзига шараф биладилар. Устоз Ражабийнинг мероси бугун жаҳон мусиқасининг бебаҳо меросига айланди. Унинг самимияти, юқори профессионаллиги, касбига муҳаббати таҳсинга лойиқ.
– Юнус Ражабийнинг улуғлиги – унинг мақсад сари саъй-ҳаракати билан афсонага айланганида намоён бўлади, – деди юртимизнинг мусиқашунос олими Оқилхон Иброҳимов. – Юнус Ражабий ҳофиз, бастакор, олим, тадқиқотчи сифатида ғоят серқирра ижодкор эдилар. Унинг Ҳазрат Алишер Навоийга муносабати алоҳида ажралиб туради. Навоий ижодини ўзбек мусиқасидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Навоийнинг ўзи мусиқа соҳасида юксак истеъдод эгаси эди. Унинг асарлари мақом билан ҳамоҳангдир. Мақом жонли жараён. «Шашмақом» эса табиий санъат. У Юнус Ражабий тадқиқотлари билан бевосита боғлиқдир. Устоз миллий мусиқа бойлигимизнинг ҳақиқий хазинабонидир. Унинг ижоди ҳар давр авлодларининг маънавий камолоти учун жуда муҳимдир.
– Юнус Ражабий мероси ҳақиқий бағрикенгликнинг намунасидир, – деди АҚШда истиқомат этувчи мусиқашунос-журналист Рафаэл Некталов. – Президент ташаббуси асосида Шаҳрисабзда Мақом музейи ташкил этилди. Фестиваллар юксак савияда ўтказилмоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан намунавий мақом ансамбллари ташкил этилмоқда. Бугун АҚШ, Канада, Германия каби давлатларда ҳам бу санъатга қизиқиш катта. Уни жаҳон бўйлаб тарғиб этиш муҳимдир. Дарҳақиқат, Юнус Ражабийнинг, айниқса, ўзбек мусиқа меросини тўплашдаги хизматлари катта. Манбаларга кўра, устоз 1935 йилдан халқ, куй ва ашулаларини нотага ёза бошлаган. Натижада «Ўзбек халқ қўшиқлари» тўпламидан Юнус Ражабий нотага олган 29 та халқ мусиқа намунаси ўрин олган. 1955-1959 йилларда Юнус Ражабий 5 жилдли «Ўзбек халқ мусиқаси» (И.А.Акбаров таҳририда) тўпламини нашр эттирди. Унга мингга яқин турли жанрдаги ўзбек (бир қанча тожик, уйғур) куй ва ашулалари, Бухоро Шашмақоми, Фарғона- Тошкент мақом йўллари, катта ашулалар, 20-аср бастакорлари (Ҳамза, К.Жабборов, Н.Ҳасанов, С.Калонов, Ф.Содиқов, Т. Жалилов, М.Мирзаев ва бошқа)нинг асарлари киритилган.

Манбаларга кўра, «Мақом» ансамбли билан ишлаш жараёнида Юнус Ражабий Шашмақомнинг 6 жилдли янги нашрини (1966-1974, Ф.Кароматов таҳририда) ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини тайёрлади. Миллий мусиқа санъатимизнинг кўплаб дарғалари устоз Юнус Ражабийнинг шогирдларидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Юнус Ражабий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Устоз номи билан юритилувчи Мақом ансамблининг довруғи чет элларга ҳам ёйилган. Устоз номи билан Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсатмоқда. Ўзбек миллий мақом маркази, Марғилон шаҳридаги Мақом театри, мақомга ихтисослаштирилган мусиқа даргоҳлари юртимизда устоз санъаткор ижодини ўрганишга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Конференцияда «Мақом» илмий-услубий журналининг илк сони ҳамда мусиқашунос олим Равшан Юнусовнинг «Шарқ халқлари мақомлари» ўқув тақдимоти бўлиб ўтди. Конференция ўз ишини шўбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди.
Назокат Усмонова, ЎзА