Миллий маданият ва санъат равнақ топмоқда
Маданият ва санъат ривожи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида экани Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Маданият ва санъат ривожи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида экани Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Бу ҳақда мазкур ижодий уюшма раиси, бастакор Рустам АБДУЛЛАЕВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўтган уч йил мобайнида уюшма фаолиятидаги барча ютуқлар ва эзгу ишларнинг амалий натижаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан санъат ва маданиятни ривожлантиришга йўналтирилган ҳаракатлар самарасидир.
Янги қиёфага эга бўлган, капитал таъмирланган ва реконструкция қилинган уюшмамиз мамлакатимизда фахрланса арзийдиган жамоат ташкилотлари қаторидан ўрин олди. Давлатимиз раҳбарининг уюшма фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини амалга татбиқ этиш, яратилаётган шароитлар, ижодкорларга қаратилаётган эътибор ва эътирофларга муносиб жавоб тариқасида қисқа вақт мобайнида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Уюшма аъзоларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш йўлида қатор самарали ишлар олиб борилди. Мана шундай саъй-ҳаракатларни амалга оширишда Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг ҳам ҳиссаси каттадир.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси –навқирон авлодни болаликдан мусиқага ошно этиш мақсадида уюшмамиз томонидан “йўл харитаси“ ишлаб чиқилди. Унда белгиланган вазифалар бўйича аниқ ва мақсадли фаолият олиб борилмоқда. Хусусан, таниқли санъат арбоблари ҳамда ёш истеъдодли композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар вилоятлардаги мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат мактабларига ижодий маслаҳатчи этиб бириктирилди, ўқув муассасаларида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш, тарғибот-ташвиқот ишлари кенг йўлга қўйилди.
Уюшма аъзолари таваллуд саналарига бағишлаб ўтказилган муаллифлик концертлари ва хотира кечалари мусиқа санъатининг турли жанрларни қамраб олганлиги билан диққатга сазовор. Мусиқа дарғалари Фаттоҳ Назаров, Мирсодиқ Тожиев таваллуд санасига бағишланган хотира кечалари, Феликс Янов-Яновский туғилганининг 85 йиллиги, Шермат Ёрматов таваллудининг 80 йиллиги, Муҳаммад Отажонов ва Игорь Пинхасовнинг 60 ёшига бағишланган муаллифлик концертлари мусиқа жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланди.
Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида уюшма аъзолари чет давлатларда ўтказилган халқаро мусиқа фестивалларида ўз асарлари билан иштирок этдилар. Хусусан, Жаҳонгир Шукуров Туркияда, Хуршида Ҳасанова Қозоғистондаги халқаро замонавий мусиқа фестивалида, Ҳабибулла Раҳимов Татаристонда ўтказилган “Европа-Осиё” халқаро замонавий мусиқа фестивалида қатнашди. Нурали Эркаев ҳамда Ойдин Абдуллаевалар Озарбайжонда ўтган дўстлик концертида ўз асарлари билан иштирок этди. Шунингдек, Д.Сайдаминова, Р.Абдуллаев, Ф.Янов-Яновский, Д.Янов-Яновский, Ж.Шукуров ва бошқа композиторларнинг асарлари чет давлатлардаги концертларда муваффақиятли янгради.
Ёш композиторларнинг биринчи халқаро фестивали, юртимизнинг турли ҳудудларида композиторларнинг мусиқа ихлосмандлари билан учрашувлари, муаллифлик концертлари, Ёш композиторларнинг халқ чолғулари оркестри ҳамда Симфоник асарларидан тузилган концертлар муваффақиятли ўтказилди.
Композиторлар ва бастакорларни фаол ижодий жараёнга жалб этиш, уларнинг ижодини жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ва рағбатлантириш мақсадида Оркестрлар учун ёзилган кичик жанрдаги асарлар республика танлови, талаба бастакорларнинг энг яхши вокал асар учун танлови, дамли чолғулар оркестри учун ёзилган маршлар ва кичик жанрдаги янги асарлар Республика танлови, болалар қўшиқлари республика танлов-фестивали кўтаринки руҳда ўтказилди.
“Мардлар қўриқлайди Ватанни” ҳарбий қўшиқлар республика танлови, бастакорлар, композиторлар ва мусиқашуносларнинг мақом асосида яратилган асарлари республика танловлари мусиқа ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.
Ижодий уюшмаларнинг ҳамкорлигини кенгайтиришга оид Бадиий академия, Ёзувчилар, Журналистлар ҳамда Театр арбоблари уюшмалари билан ҳамкорликда “Дўстлар клуби”нинг “Сўз, оҳанг ва тасвир” ижодий кечалари туркум тадбирлари ташкил этилди. Унинг мантиқий давоми сифатида ёш ижодкорлар билан самарали иш олиб бориш мақсадида “Шу юрт фарзандларимиз” шиори остида ёш композиторлар, рассомлар, шоирлар ва актёрларнинг учрашув-дебатлари ўтказилди.
“Давр садолари” республика мусиқа фестивали ҳам уюшманинг йирик тадбирларидандир. Унинг доирасида кўплаб ижодий кечалар, хотира тадбирлари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари, концертлар, танловлар, илмий-амалий конференциялар, уюшмамиз вилоят бўлимларининг ҳисобот концертлари, саҳна асарларининг тақдимоти ўтказилгани бугун композиторлик ва бастакорлик ижодиётининг янги босқичларга кўтарилганлигидан далолат беради.
Устоз композиторлар иштирокида “Мусиқа билан учрашув” туркуми доирасида ўтмиш ва замондош композиторлар ижоди кенг ўрганилмоқда, етук санъат арбоблари билан учрашувлар ташкил этилмоқда. “Мусиқашунослар билан учрашув” туркуми эса мусиқашунос олимларнинг фаолиятини тарғиб қилиш ва илмий изланишларини ёшларга очиб беришга қаратилган.
Жорий йил мобайнида турли жанрларда самарали ижод қилиш қаторида бир қатор саҳна асарларининг ҳам тақдимотлари ва премьералари бўлиб ўтди. Жумладан, Мустафо Бафоевнинг “Тўмарис” мусиқали драмаси, Сарвар Юсуповнинг “Айёргина аёллар” мусиқали комедияси, Нажимаддин Муҳамеддиновнинг “Гулайим” операси, Жамил Чаршемов мусиқасини басталаган “Анвар ва Раъно” спектакли,Мирхалил Маҳмудовнинг “Кумуш” операси, Анвар Эргашевнинг “Золушка” мюзикли саҳна юзини кўрди. Сарвар Юсуповнинг “Хазон бўлган муҳаббат” мусиқали драмасининг тақдимоти эса яқиндагина бўлиб ўтди.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди кўмагида кўплаб мусиқий адабиётларни нашр этди. Соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ ижодкорлар Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирландилар.Хусусан, Шермат Ёрматов, Абдуҳошим Исмоилов ва уюшманинг Наманган вилоят бўлими раиси Нортожи Юсупова “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан, Соибжон Бегматов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Шухрат Зокиров “Шуҳрат” медали билан, Феликс Янов-Яновский “Маданият ва санъат фидокори“ кўкрак нишони билан тақдирландилар, Наталья Янов-Яновская, Жаҳонгир Шукуров ва Баҳодир Алланиязов Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантирилдилар.
Жорий 2020 йилда ҳам кўплаб ижодий режаларни ҳаётга татбиқ этишни кўзлаяпмиз. Ўзбекистон композиторларининг симфоник асарлари антологияси яратилади. Йирик тадбирларимиз орасида навбатдаги VI Халқаро симфоник мусиқа фестивалини алоҳида айтиш жоиз. Шунингдек, ҳар чоракда ҳудудларда “Бастакорлар фестиваллари”ни ўтказиш, республика миқёсидаги кўплаб ижодий танловлар, хотира концертлари, ижодий кечалар, “Дўстлар клуби”нинг “Сўз, оҳанг ва тасвир” туркум тадбирлари, “Шу юрт фарзандларимиз” ва “Ижодий баркамолликка интилиш” туркумлари доирасида ёш композиторлар, бастакорлар ва мусиқашуносларнинг учрашув-дебатлари, “Мусиқа билан учрашув”, “Мусиқашунослар билан учрашув” туркум учрашувларини ўтказиш кўзда тутилган.
Ҳукуматимиз томонидан ўтказиладиган тадбирларга, хусусан Наврўз умумхалқ байрамига композиторларимиз катта тайёргарлик кўрмоқдалар. Уюшма аъзоларини чет давлатларда ўтказиладиган халқаро танловлар ва фестивалларда қатнашишлари учун ижодий сафарга юбориш, ижодий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ижодий кечалар, танлов ва фестивалларда, форумлар ва конференцияларда, янги асарлар тақдимотларида мунтазам қатнашиш каби кўплаб режаларни белгилаб олганмиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан ўтказган учрашуви тегишли барча вазирлик ва идоралар, ижодий тузилмалар каби бизнинг уюшмамиз фаолиятига ҳам янгича муҳит, янгича ёндашув, ижод завқи билан бирга барчамизга катта масъулият бағишлади. Буларнинг бари мамлакатимизда санъат, маданият, маънавият ва маърифат доимий эътиборда эканининг яна бир амалий ифодасидир.