Миллий либосларимиз - миллий ғуруримиз демак
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизни асраб-авайлаш ҳамда ёшлар ўртасида кийиниш маданиятини тарғиб этиш мақсадида “Миллий либос – миллий ғурур” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, миллий либосларимиз асрлар давомида шаклланган бой тарихимиз, маданиятимиз ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган бебаҳо маънавий меросимиз. Улар фақатгина кийим эмас, балки миллий ғуруримиз ва ўзлигимиз рамзи ҳисобланади.

Миллий кийимларни кийиш ва уларни улуғлаш орқали миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматимиз намоён бўлади.

Тадбир доирасида тумандаги тадбиркор аёллар томонидан атлас, адрас ва беқасам каби миллий матолардан тикилган либослар коллекцияси намойиш этилди. Шунингдек, илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган миллий либослар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Г.Бобоева,
ЎзА