Миллий либослар, кийиниш маданияти тарғиб этилмоқда
Андижонда ҳафтанинг ҳар жума кунида миллий либослар тарғиботига бағишланган “Хон атлас” кунлари ўтказиб борилади.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, ўзбекона кийиниш маданияти, миллий либос ва анъаналаримизни кенг тарғиб этиш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида – корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда таълим масканларида “Хонатлас” кунлари ўтказилиши анъанага айланмоқда.
Миллий мафкура ва маънавий қадриятларни шакллантириш, ёшлар тарбиясида кийиниш маданиятини тўғри йўналтириш муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларимиз кўркам ва ўзига хослиги билан ҳар қандай кишини ҳайратга солади.
– Миллий либосларимиз, кийиниш маданиятини кенг тарғиб этишга бағишланган “Хон атлас” кунлари юртдошларимиз, айниқса, ёш қизларимизнинг ўзбекона либосларга бўлган қизиқиш ва ҳурматини оширишга ёрдам беради, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Аҳмедова. – Шу кунларда жойларда миллий либосларни тарғиб этиш, қиз ва аёлларимизнинг кийиниш маданиятини юксалтиришга қаратилган турли тадбирлар ўтказилди. Ишонаманки, ушбу ташаббус кенг қулоч ёзади, янада оммалашади.
[gallery-21144]
Бир гуруҳ раҳбар аёллар, ўқитувчи ва турли ташкилотларда иш олиб бораётган фаол ҳамда ташаббускор опа-сингилларимизнинг шу куни ишга миллий либосда келгани, ёшлар билан кийиниш одоби ва маданияти бўйича суҳбатлар ўтказганликлари алоҳида эътирофга муносибдир.
Доимий ўтказиб бориладиган “Хон атлас” кунлари ёшлар қалбида миллий либос, қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, кийиниш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари