Ёшларнинг таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва "Digital Generation Uzbekistan" ННМ томонидан соҳанинг етук мутахассислари, Қори Ниёзий номидаги Педагогик тарбия институти профессорлари, рассом, дизайнер, аниматор, видеограф, сураткаш ва контент яратувчилар иштирокида ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Миллий контент — ўз-ўзини ифода этиш, тарқатиш, маркетинг ва ёки нашр этиш учун нутқ, ёзув ёки ҳар хил санъат турлари каби бирор-бир восита орқали ифодаланиши керак бўлган ахборот воситаси ҳисобланади. Миллий контент сиёсий, маънавий-маърифий, ижтимоий, таълимга оид ёки кўнгилочар каби турли мавзуларда бўлиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари ҳузурида мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот йиғилишида ёшлар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратиш вазифаси қўйилган эди.
Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва "Digital Generation Uzbekistan" ННМ томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида сунъий интеллект ёрдамида лойиҳалар ишлаб чиқиш, анъанавий ва рақамли рассомчилик, анимациялар яратиш, медиа — видео ва фотолар устида ишлаш ҳамда экология йўналишларида малакали ментор ва экспертлар томонидан дарслар ташкил этилди.
Машғулот жараёнлари Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги "Ренессанс" болалар оромгоҳида ўтказилди.
Бундан кўзланган мақсад – болаларда миллий қадриятларга ҳурмат ва миллий ўзликни англаш ҳиссини шакллантиришга қаратилган миллий медиа маҳсулотларини яратишдан иборат.
Тадбир доирасидаги маҳорат дарсларида "DIP animation", "Lola animation" каби йирик брендлар вакиллари иштирокида очиқ мулоқот тадбирлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, Beijing National Day School (Хитой) устозлари томонидан анимация йўналишида онлайн маҳорат дарслари ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, ёш авлод вакилларини турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, ёшлар қалбида ушбу иллатларга қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.
Сифатли миллий контентларни яратиш, унда умумбашарий ва миллий қадриятларимизнинг акс этиши бу йўлдаги муҳим мақсадлардан биридир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ташкил этилган ўқув тренинг дасрларида иштирокчилар миллий ва замонавий контент яратиш бўйича назарий ва амалий машғулотларда иштирок этади. Шу билан бирга соҳа мутахассислари иштирокидаги маҳорат дарсларида қатнашиб, ўзаро тажриба алмашади.
Машғулотларда соҳадаги тажрибаси ва ютуқларига кўра саралаб олинган 150 нафарга яқин ёш иқтидорлар иштирок этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА