Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий иқтисодиётнинг олтин драйвери

Ўтган йили Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳиралари рекорд даражага етиб, 66,3 млрд долларни ташкил этди, унинг 55 млрд долларлик қисми, яъни салкам 392 тоннаси соф олтин қуйилмасидан иборат. Экспертлар фикрича, Ўзбекистон олтин-валюта заҳиралари ҳажми бўйича жаҳоннинг 15 етакчи давлати сафидан ўрин олди.

Йиллик экспорт ҳажмининг қарийб учдан бир қисми олтин улушига тўғри келмоқда. Мамлакатимиз дунё олтин бозоридаги мавқеини мустаҳкамлади, йирик ишлаб чиқарувчилар орасида 10-ўринни эгаллади. Руда заҳиралари бўйича Мурунтов ва Олмалиқ конлари дунёнинг йирик бешлигига кирди.

Мана шундай сатрларни ўқиганингда, беҳад бойликларга эга заминда яшаётганингдан  кўксинг ғурурга тўлади, эртанги кунинг нурафшон бўлишига ишончинг ортади. Гарчи танглайимиз тилла билан кўтарилмаган эса-да, у фикриятимиз, зеҳниятимиз шаклланишига таъсир кўрсатган нодир маъдандир. Олтин барқарорлик рамзи сифатида кўнглимизни тўқ ва бардам этаркан, уни ўзинг билан олиб юрганингда “захирам бор” деган ички хотиржамлик, руҳий осойишталик ҳисси беради.

Бу чиройли рақамлар биз оддий фуқарони маҳлиё этар, аммо давлат раҳбарини хурсанд этармикин? Бунга менда шубҳа бор. 

“Энди заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Чет элдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади”, - деди давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг майида ўтказилган видеоселектор йиғилишларининг бирида.

“Бу соҳада ҳам саноат усулига ўтиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Хусусан, заргарликда ишлатиладиган ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади. Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади. Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади”.

Президентимиз соҳанинг келгуси тараққиёт манзарасини чизиб бераркан, шундай давом этди: Туркия, БАА ва Миср тажрибаси асосида Тошкент, Андижон ва Хивада заргарлик марказлари очилди. Энди бундай мажмуалар бошқа ҳудудларимизда ҳам босқичма-босқич ташкил этилади.

Заргарларни хомашё билан барқарор таъминлаш учун бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади. Барча ҳудудларда олтин захираси яратилади”, дея заргарларга катта имтиёзлар бераётган, соҳани астойдил қўллаб-қувватлаб ва истиқболларини куюнчаклик билан белгилаб бераётган, ҳатто мавқеига хос бўлмаса-да, қайси тилла буюмлар бозоргир эканигача кўрсатиб бераётган мамлакат раҳбарини, аминманки, олтиннинг экспорт улушида юқорилигича қолаётгани сира қониқтирмайди.

Олтин азалдан иқтисодий-ижтимоий жараёнларга катализатор бўлиб келган, захира ва барқарорлик воситаси сифатида валютани мустаҳкамлаб, молиявий тизимга ишончни оширган. Ундан инвестиция активи сифатида фойдаланади, инфляциядан ҳимоя қилади, иш ўринлари ва солиқ тушумлари яратади ва давлатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлайди, халқаро муносабатларда муносиб мулоқот олиб боришимизга руҳий куч беради.

Олтин - бу табиатнинг бизга берган инъоми. Аммо уни миллат бойлигига айлантирадиган нарса - ер қаъридан чиққан қуйилма эмас, балки ер устидаги ақл ва адолатдир. Келажакни захиралар миқдори эмас, уларни бошқариш маданияти ва маҳорати белгилайди.

Олтин инсон ва иқтисодиёт учун қанчалик ғурур бўлса, шунчалик кулфат ҳамдир. Унга ружу қўйиш кишини кўп қадриятлардан чалғитган, инсоний хислатлардан мосуво этганига тарих гувоҳ. Олтинга очкўзлик кўп вайронликлар олиб келган. Афсонавий нибелунглар хазинасини, ғазналар устида ётган аждарлар, Элдорадо тилла шаҳрини излаган конкистадорлар қисматини ёдга олинг.

Шунда олтин инсон табиати, иродаси ва қадриятларини, давлат устунларини синовдан ўтказгувчи ашёмикин, деб ўйлаб қоласан. Биламизки, ундан тушган даромад нохолис тақсимланиши оқибатида қатор ижтимоий кескинликлар келиб чиққан, беҳисоб бойликлар туфайли қудратли инклар, Рум салтанатлари, Миср каби гуллаб-яшнаган мамлакатлар таназзулга учраган. 

Тарихий воқеликлар ва афсонаю ривоятлардан чиқадиган сабоқ шулки, олтин ақлга хизмат қилса - фаровонлик яралади. Агар ақл олтинга хизмат қилса - таназзул бошланади.

Ё алҳазар! 

“Голланд касаллиги” ёки мўл-кўллик парадокси

Кўнгил ватанни салим кўрмоқ истайди.

Аммо чиройли статистик рақамлар мушоҳадаси занжири беадоқ саволларни келтириб чиқаради, изтиробли ўйларга уланади. Мислсиз табиий бойликларга эга бўла туриб, нега биз иқтисодиёти олд мамлакатлар сафида эмасмиз? Ё биз бойликларимиз чексизлигига учиб, воқелик туйғусини унутиб қўйдикми? Қазилма бойликларга ҳаддан ташқари боғланиб, ўзимиз ҳам шу жараённинг қўшимча қуролига айланиб қолдикми? АҚШ ва Буюк Британияни бойитган, БААни глобал марказга айлантирган олтин - Ўзбекистон учун имкониятми ёки имтиҳон?

Не ажабки, кимлигимиз ёки нима яратганимиз эмас, балки қанча тонна маъдан ишлаб чиқарганимизу сотганимиз муҳим бўлиб қолди. Бойликлардан тор кўлам ва эътиборсиз фойдаланишимиз катта хато бўлиб, бизни лоқайд ва ялқов қилиб қўйган, яъни олимлар тили билан айтганда, миллий иқтисодиёт голланд хасталигига чалинганди.

Бу касаллик симптомлари 1990–2016 йиллар оралиғида яққол кўзга ташланган, аммо тадқиқотчилар уни баралла айтишолмасди. Ўзбекистоннинг ўзига хос ёпиқ иқтисодий модели оқибати ўлароқ, бу касаллик «кучли дорилар» (қаттиқ давлат назорати) билан бекитиб келинди. Бу эса иқтисодиётнинг табиий ўсиши ва халқаро рақобатбардошлиги мустаҳкамланишини анча йиллар ортга суриб юборди. 

Ушбу даврда Ўзбекистон экспортининг асосий залвори (60-70 фоиз) олтин, пахта ва газга тушарди. Пахта ҳам олтин каби стратегик ресурс эди. Давлат олтин ва пахтадан тушган маблағларни фақат йирик давлат лойиҳаларига (масалан, нефтни қайта ишлаш ёки автомобилсозликнинг муайян тармоқларига) йўналтириларди. Кичик ва ўрта бизнес, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар эса четда қолиб кетди. Бу халқ хўжалигининг соҳавий хиллашуви - диверсификациясига, ривожланишига тўсқинлик қилди.

«Голланд касаллиги»нинг энг хавфли белгиси - миллий валютанинг ҳаддан ташқари мустаҳкамланишидир. Ўзбекистонда бу жараён давлат назорати остида бўлиб, экспортдан келган олтин ва газ валютаси давлат қўлида тўпланган. Давлат сўмнинг расмий курсини сунъий равишда юқори (қиммат) ушлаб турган. Оқибатда бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказди. Уларнинг маҳсулоти чет элда қиммат бўлиб қолди, ички бозорда эса импорт маҳсулотлар (айниқса «қора бозор» курси туфайли) билан рақобат қилиш қийинлашди.

Бутун бошли заргарлик саноати хомашёга қаттиқ боғланиш қурбони бўлди. Олтинни ишлаб чиқариш корхоналаридан ва биржалардан заргарларга тўғридан-тўғри сотиш механизми чўрт узилди. Асрлар оша шаклланган заргарлик мактаблари йўқолди, устоз-шогирд анъаналари барҳам топди. Натижада ўнлаб йил заргарлар ўзларини тилла буюмларни қайта ишлаш билан овутдилар, бирламчи зар-зийнатлар савдодан чиқиб кетди, ноқонуний қазиш тизимли тус олиб, не-не норғул йигитларнинг умри сўлди, тилла буюмларнинг норасмий бозори ва айланмаси гуркиради. 

Бу фактларни кўрганингда, эшитганингда, Испания, ЖАР, Венесуэла каби давлатлар қисматини эсга олганингда, не гуноҳки, худо ёрлақаган неъмат бизга фаровонлик эмас, бало келтирса, деган ўйга келардинг ва дарров ё раб, бало-қазодан асрагувчи Ўзингсан! - деб беихтиёр дуога қўл очардинг. 

Бинобарин 2017 йилдан кейинги ислоҳотларнинг асосий мақсади айнан мана шу «хомашё тавқи лаънати»дан қутулиш ва иқтисодиётни очиш бўлиши, Ўзбекистон ўз олтинини шунчаки хомашё сифатида сотишдан воз кечиб, уни қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш ва юқори технологияли маҳсулотларга айлантириш йўлига ўтиши лозим эди. Бу иқтисодий стратегиядан ташқари, маънавий бурилиш ҳам бўлиб, давлат раҳбарига – бош ислоҳотчига осон тушмасди.

Президент олтиннинг аҳамиятини моддий бойликдан кенгроқ тушунди – уни мамлакатнинг келажагини мустаҳкамловчи стратегик ресурс деб билди. Давлат раҳбари аниқки, икки ўт орасида қолган: бир томондан, бюджетни таъминлаш ва давлат лойиҳаларини молиялаштириш учун олтинни сотиш шарт бўлса, иккинчи томондан, уни хомашё сифатида бозорга чиқариш миллий бойликни увол қилиш хавфи эди. Пировардида ҳар иккиси ҳам танланди, истифодасида эса мувозанат сақланди. Бунингсиз илож йўқ: тараққиёт тўхтаб турмайди, итнинг кейинги оёғи бўлиб қолиш халқимизга мутлақо ярашмайди.

Мирзиёев – реаниматор

Ўн йил аввал, 2017 йилнинг бўсағасида, Ўзбекистон иқтисодиёти улкан, аммо ҳаракатсиз олтин захиралари устида турарди. Ўшанда олтин биз учун шунчаки «хавфсизлик ёстиғи», давлат хазинасидаги жимжит ётган қуймалар ва ресурсга тобе хўжалик моделининг тилсиз кафили эди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганида «сариқ маъдан»га қарамликни тубдан ўзгартириш, иқтисодиётни диверсификациялаш ва «олтин қарамлиги»дан воз кечиш зарурлигини ичдан тушуниб етган эди.

Мирзиёев давлат бошқаруви жиловини қўлга олган даврдаги хўжалик юритиш тизимини «олтин қафас»га менгзаш мумкин. Олтин ва газ экспортидан келадиган валюта тушумлари давлат назоратида бўлиб, улар иқтисодий тараққиётга эмас, балки валюта курсини сунъий ушлаб туриш ва самарасиз давлат корхоналарини субсидиялаш, давлат бюджети тирқишларини ямашга сарфланарди. Хўш, бу ҳол токайгача давом этади? Ҳарқалай бу саволга давлат раҳбари сизу биздан кўпроқ бош қотирган ва англаб етган биринчи ҳақиқати шундай бўлганки, олтин - бу мақсад эмас, балки тараққиёт учун восита бўлиши керак.

Хомашёга боғланиб қолган иқтисодий моделни бузишнинг ўзи бўлмасди: бунинг учун кучли сиёсий ирода, сабот, харизма талаб этиларди. Ислоҳотлар ёпиқ ва хомашёга қарам хаста иқтисодиётни очиқ, рақобатбардош моделга трансформация қилишдан бошланди. Валюта бозори либераллашуви, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, экспорт-импортни рағбатлантиришга доир қарорлар алоҳида ташаббуслар эмас, балки ягона тизимли стратегиянинг қисмлари эди. Иқтисодиётни диверсификациялаш - бу шунчаки танлов эмас, балки миллионлаб одамларни иш билан таъминлаш, енгил саноат, ахборот технологиялари, маориф ва маданият, хизмат кўрсатиш соҳаларини уйғотиш учун ягона чора эди. Улар рақамлар ва демографик босимга жавоб чоралари эди.

Олтин соҳасидаги ўзгаришлар ҳам шу умумий институционал ислоҳотлар доирасида кечди. Масалан, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари фақат хомашё етказиб берувчи эмас, балки қиймат занжирининг юқори бўғинларига чиқиши лозим бўлган индустриал марказларга айланиши керак эди. Олтин конлари қанчалик бой бўлмасин, улар миллионлаб ёш авлод учун иш ўринлари ярата олмасди. Бу улкан корхоналар иқтисодиётнинг устуни бўлгани билан бутун бир халқни хомашё сотиш билан боқа олмаслиги аён бўлиб қолган эди. 

Заргарлик саноатига эркинлик бериш чоралари билан бир қаторда олтин конларини хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш амалиёти ҳам жорий этилдики, бу президент режаларининг нечоғли жиддий ва ортга қайтмас эканини кўрсатди.

Олтинни қуйма шаклида сотиш, нафсиламбрини айтганда, бу ўз имкониятларини сотиш демакдир. Президентнинг «Биз нега 100 тонна олтин қазиб олиб, унинг фақат 6 фоизини қайта ишлаймиз?» деган саволи замирида катта иқтисодий исён ётарди. Бу - хомашё етказиб берувчи «учинчи дунё» мақомидан чиқиб, юқори технологияли ва ривожланган заргарлик саноатига эга давлатга айланиш истаги эди.

Бу истак илк бор Президент томонидан 2017 йилнинг 17 октябрида имзоланган “Заргарлик буюмларининг замонавий маҳаллий ишлаб чиқаришларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этди ва у заргарлик саноатига иккинчи умр бахш этган рецепт бўлди. Бу орада мамлакат раҳбари томонидан ўнга яқин директив ҳужжатлар қабул қилинди, бир неча марта мутахассислар ва маъмурлар иштирокида селектор йиғилишлари ўтказди, бир неча тилла заводларига ташриф буюрди, соҳага доир ҳамкорлик бўйича инвесторлар билан қатор учрашувлар ўтказди. 

2020 йилдан бошлаб хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда «Uzbek Jewellery Fair» заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма-савдоси ўтказиб келинмоқда.

Миллий бренд яратиш борасидаги амалий ҳаракатлар изчил тус олди. Бухорода ҳар икки йилда май ойида халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ҳамда унинг доирасида илмий-амалий конференция, кўрик танлов, тақдимот ва кўргазмалар, театрлашган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш лозим деб топилди. Заргарликнинг барча турларини ривожлантириш, тармоқ учун зарур ноёб тошларни ўзлаштиришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Уларнинг барчасидан заргарликни янги босқичга олиб чиқиш - экспорт, қайта ишлаш ҳажмини ошириш; норасмий иқтисодиётни қисқартириш ва бозорни шаффофлаштириш; микро ва кичик тадбиркорлар расман фаолият кўрсатишига рухсат бериш; имтиёзлар, чегирмалар ва молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, халқаро стандартлар, сифат ва рақобатбардошликни ошириш орқали экспорт ҳажмини кўпайтириш мақсад қилинади.

Ўзбекистоннинг заргарлик саноати фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанмайди. Ҳар бир олтин занжир, кумушдан ишланган ҳар бир асар - бу нафақат қимматбаҳо маъдан, балки ўз халқимизнинг заковати ва тажрибасини дунёга намоён этадиган воситадир. Буюмлар экспорти орқали дунё бозори нафақат молиявий қийматни кўради, балки миллатнинг эстетик тафаккури, дизайн маданияти ва интеллектуал салоҳиятини баҳолайди.

Шу маънода, экспорт - бу мамлакатнинг моддий бойлиги билан бир қаторда, халқнинг интеллектуал капиталини ҳам дунё аренасига олиб чиқишдир. Ҳар бир ишлаб чиқарилган заргарлик буюми, ҳар бир мукаммал нақш - маҳаллий дизайнер ва усталарнинг фикрати, тажриба ва ижодий қобилиятининг кўзгусидир. Бу - миллий билим ва салоҳиятнинг ташқи дунёга кўрсатилишидир.

Бундан ташқари, бу жараён маънавий ва иқтисодий интеграцияни ҳам таъминлайди. Қимматбаҳо металларни экспорт қилиш орқали давлат миллий кадрлар тизимини ривожлантириш ва малака ошириш йўлидаги имкониятларни ҳам кенгайтиради. Халқнинг интеллектуал бойлиги ва заковати маҳсулотда нақшланади, бу эса иқтисодиётнинг сунъий бойликдан ҳақиқий қадриятга ўтишини таъминлайди.

Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқаётган олтин ва кумуш буюмлари халқ заковати билан жилоланган санъат асарига айланиши керак. Экспорт - бу нафақат бозордаги рақобат, балки халқнинг ақл-заковати ва санъатининг жаҳон саҳнасига чиқишидир.

Бу жараёнда Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги ва сиёсати катта аҳамият касб этди: давлат даражасида қабул қилинган қарорлар, имтиёзлар ва ишончли институционал қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллий санъат ва малака эгаларини дунё бозорига чиқиш имконияти таъминланди. 

Айни пайтда соҳада фаолият юритаётган корхоналар сони 2 210 тага етди. Шундан, 258 таси юридик шахслар ва 547 таси якка тартибдаги тадбиркор ҳамда 1405 таси савдо билан шуғулланувчи юридик шахсдир. Биргина ўтган йилнинг ўзида салкам 1200 та янги иш ўрни яратилди.

Заргарларимиз қарийб 18,47 тонна олтин ва 2,5 тонна атрофида кумушни қайта ишлаб  заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,6 баравардан зиёд оширишга эришди. 

Заргарлик буюмлари экспортида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди: четга 492,2 млн долларга тенг (ундан олдинги йилга нисбатан 5,3 баравар ўсиш) зар-зевар экспорт қилинди. Унинг 38 фоиздан кўпроғи жисмоний шахсларнинг хорижий давлатларга билвосита экспорти улушига тўғри келмоқда. 

Бу рақамлар Ўзбекистон бугун ўз олтинини шунчаки хом ашё сифатида сотишдан воз кечиб, уни қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш ва юқори технологияли маҳсулотларга айлантириш йўлига ўтаётгани натижаси. Бу иқтисодий стратегиядан ташқари, маънавий бурилиш ҳамдир.

999,9 – миллий бренд

Миллатнинг қандай йўлни танлаганини баъзан бир рақам ҳам ифода этади.

«999,9» намунаси - бу 24 каратли, дунёдаги энг тоза, аралашмалардан деярли холи олтиндир. 

Бугунги кунда ватандошларимиз Марказий банкнинг айни пробадаги тилладан ясалган, тарихий, маданий ва бошқа мавзуларга бағишланган эсдалик тангаларини сотиб олиш имконига эга бўлдилар. Улар нафақат коллекция учун қизиқ, балки инвестиция, жамғариш воситаси ҳамдир. Халққа уларни сотиб олиш имкониятини очиш билан Марказий банк миллий молиявий маданиятни ошираяпти, шунинг баробарида халқаро пул бозорида мамлакат номини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаяпти.

Жаҳон бозорида «999,9» намунасидаги тилла қуймалар энг ишончли захира активи ҳисобланади. Бинобарин, у олтиннинг шунчаки кимёвий тозалик ўлчови эмас, балки янгиланаётган Ўзбекистоннинг миллий брендига, ишонч ва сифат фалсафасига айланиши керак. Президент заргарлар билан сўнгги учрашувда шу ғояни - олтинни хомашё сифатида сотишдан кўра, уни мамлакат ичида қайта ишлаб, заргарлик санъати асарига айлантириш зарурлигини илгари сурди. Бу ғоя ишлаб чиқарувчилар ва усталар гарданига катта вазифа, чўнг масъулият юклайди. 

Миллий бренд – бу маҳсулотни энг юқори стандартларда ишлаб чиқариш ва унга 999,9 тамғасини уришгина эмас. Унда ҳис-туйғулар, қадриятлар, миллий интеллект ва заргарлик истеъдоди мужассамлашиб, истеъмолчи онгида ашё ёки Ўзбекистон номи билан боғлиқ ўзгача образ ва ассоциациялар шакллантириши керак. Ва яна бренд ортида фақат анъанавий маҳорат эмас, балки дизайн мактабларида етишаётган янги авлод мутахассислари, 3D моделлаштириш ва рақамли прототиплаштириш технологиялари, электрон савдо платформалари орқали глобал бозорга чиқиш стратегияси турибди.

999,9 намунадаги олтин глобал инвестицион стандарт ҳисобланади. Агар биз Навоий КМК тозалаш заводининг LBMA стандартларига мос келишини эътиборга олсак, у Швейцария, Канада ёки Австралия олтини билан бир хил - жаҳон спот (жорий бозор) нархида онлайн режимида сотилишини англатади.

Миллий бренднинг жаҳон бозорида ҳақиқий кучга айланиши учун биз фақат олтиннинг софлигига таяниб қолмаслигимиз керак. Бугунги рақобат майдонида ресурс эмас, стратегия устун келяпти. Шу боис, соҳа олдида турган бир қатор тизимли муаммоларни ечмоқ зарур.

Олтин қуйма шаклида экспорт қилинмайди, балки маҳаллий заргарлик корхоналарига узлуксиз етказилади. Мақсад – қазиб олинган олтинни мамлакат ичида заргарлик буюмига айлантириш ва миллий бренд қийматини ошириш.

Бунинг учун нафақат соф олтин ва заргарлар, балки халқаро стандартларга жавоб берадиган креатив миллий дизайнерлар мактаби ҳам керак. «Ўзбек олтини» деганда дунё маъдан баробарида нозик дид ва юксак санъат асарини тасаввур қилиши лозим.

«Made in Uzbekistan» тамғасининг халқаро нуфузини ошириш учун маҳсулотларимизни жаҳон тан олган асиллик даражасини текшириш (Assay Office) тизимларидан ўтказиш шарт. Халқаро сертификат - бу глобал бозорга киришга берилган «виза»дир.

Заргарлик буюмлари экспортидаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, экспорт логистикасини соддалаштириш, «яшил йўлак» тизимини жорий этиш кичик устахоналарга ҳам дунё бозорига чиқиш имконини беради.

«999,9» - бу шунчаки рақам эмас, бу бизнинг иқтисодий масъулиятимиз ва миллий ғуруримиз ўлчовидир. Агар биз олтинни фақат «давлат хазинаси» эмас, балки интеллектуал меҳнат маҳсули сифатида тақдим эта олсак, Ўзбекистон жаҳон заргарлик харитасида муносиб ўрнини эгаллайди.

Зеро, олтиннинг ҳақиқий қиймати унинг вазнида эмас, балки унга бағишланган ақл ва маҳоратдадир.

Табиий бойлик ўз ҳолида фахр эмас, қачонки у жамият ва халқ манфаатига – таълим, тиббиёт, илмий тараққиёт ва инфратузилмага йўналтирилиб қадрият яратса, миллий фахрга айланади. 

Мирзиёев ўз танловида собит қолди: у олтин электроникада, тиббиётда, юқори аниқлик талаб қилувчи саноат соҳаларида ишлатилишини, демак, уни қайта ишлаш билан миллий иқтисодиётни чуқурлаштириш, диверсификациялаш мумкинлигини, ақл ва технология бойлигига айланишини англаб етганди. Дарвоқе, ўз табиий бойлигини қайта ишлаган ва технологияга айлантирган миллатгина тарихда из қолдиради.

Асқар Ҳайдаров, журналист