Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг асосий мақсади халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришишни таъминлашга йўналтирилганлиги билан эътиборлидир.
Ҳужжатда қайд этилганидек, шу йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатини 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлиши, иқтисодиётга 275 триллион сўм кредит ресурсларини йўналтириш, шу жумладан, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Бу юксак вазифаларни муваффақиятли бажаришда тадбиркорлик – бизнес миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили, деб белгиланган. Хусусан, “Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида 2024 йил якунига қадар комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали камида 200 мингта янги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, 90 мингта корхона ва 110 мингта якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиши, янги иш ўринларини яратиш орқали 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўқитиш орқали уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва маслаҳат тизимини йўлга қўйиш ва “оилавий тадбиркор – микробизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири асосида фаолиятини кенгайтириш учун қулай шароит яратади.
Жаҳон тажрибаси асосида тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича комплекс тизимни яратиш мақсадида «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти ташкил этилмоқда. Ҳозиргача Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фақат кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаб келарди. Ушбу фармон билан ўрта тадбиркорлик субъектлари ҳам бу имкониятдан фойдаланадиган бўлди. Энди янги хизмат турлари жорий этилиб, мавжудлари янада кенгайтирилади. Бу тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда улушдор бўлиб кириш, банкларга ресурс ажратиш, портфель кафилликлар тақдим этиш каби бир қатор янги хизмат турларини жорий этиш имкониятини берди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу йилнинг 20 январидаги "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам кичик ва ўрта бизнеснинг халқаро бозорларга чиқиши имкониятларини кенгайтириш, микро молиялаштиришни ривожлантириш янги воситаларини амалиётга жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
“Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида 2024 йил якунига қадар камида 200 мингта янги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, 90 мингта корхона ва 110 мингта якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиши, янги иш ўринларини яратиш орқали 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳам режаланган.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да тадбиркорларга янги қулайликлар яратилади. Мамлакат иқтисодиётига 275 триллион сўмлик кредит ресурсларини йўналтириш, шу жумладан, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилиши таъминланиши, банклар томонидан тақдим этиладиган кредит ставкаларини бозор механизмлари асосида 2-3 фоиз бандга пасайтириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда Президент қарори асосида 2024 йил 1 февралдан бошлаб “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги” ҳам ташкил этилди. Рейтингга кўра, тадбиркорлар фаолияти даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4 та тоифа белгиланган. Бу кўрсаткичлар солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланатирилади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини аниқ вақтда билиб бориши мумкин бўлади.
Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор қилинади, қўшилган қиймат солиғи миқдори бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади. Маҳсулотларни импорт қилишда ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Ким ошди савдоларида олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бир йўла амалга оширилганда қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.
Бундай рейтинг шунинг учун ҳам муҳимки, энди тадбиркорлар фаолиятига солиқчилар эмас, электрон тизим баҳо беради. Келгусида субсидия, имтиёз ва преференциялар ушбу рейтингдан келиб чиқиб берилади. Кўрсаткичи паст бўлганлар интизомли тадбиркорлар сафига кириш ва кўпроқ имкониятга эга бўлиш учун ҳаракат қилади.
Яна бир томони, бу рейтинг тадбиркорларга ўз ҳамкорлари тўғрисида ишончли маълумот берувчи ҳимоя тизимига айланади. Яъни шубҳали шартномалар ва инсофсиз рақобатга чек қўйилиб, “яширин” иқтисодиёт қисқаради.
Буларни ҳисобга олган ҳолда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”да “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги”да энг юқори ўринларни эгаллаганлар тажрибасини оммалаштириш белгиланиши ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрдамиз.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА