Миллий гвардия ёшларда ҳавас уйғотмоқда
Наманганда мамлакатимиз миқёсида 15 декабрдан 15 январгача эълон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, турли спорт мусобақалари, танлов ва фестиваллар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ўсиб кeлаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматга бўлган ҳавасини уйғотиш ва қизиқишини оширишга туртки бермоқда.

Косонсой туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида "Биз ёшлар соғлом турмуш тарафдоримиз" шиори остида спортнинг кураш ва қўл жанги тури бўйича йўлга қўйилган спорт секциясида Миллий гвардия ўғлонлари мураббийлигида ҳафтанинг душанда, чоршанба ва жума кунлари машғулотлар олиб борилмоқда. Яқинда эса ўқувчи-ёшлар иштирокида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан қурол-аслаҳа ва техникалар кўргазмаси ташкил этилди.
Ўқувчиларнинг айни қишки таътил кунларида спорт, турли тадбирлар ва ҳарбийлар билан очиқ мулоқотлар ҳам жисмонан, ҳам маънан чиниқтиради.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда Миллий гвардия бошқармаси қўшма режаси асосида ёш ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказиш мақсадида жойларда маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Уйчи туманидаги Навоий маҳалласида жойлашган 2-сонли касб-ҳунар мактабида “Мардлик ва жасорат” мавзуидаги тадбирда ҳарбий қисмдаги мавжуд қурол-аслаҳалар намойиш этилди. Учқўрғон тумани маданият марказида эса ўқувчи ёшлар иштирокида “Ватаним-менинг фахрим” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда 400 нафар ўқувчи ёш жалб қилинди.

Миллий гвардия ташаббуси билан Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилаётган бундай хайрли саъй-ҳаракатлар ўз навбатида эртамиз эгаларини она Ватанга садоқат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш, энг муҳими мустақил Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА