Миллий гвардия вакиллари Ғаллаоролда
Аҳоли орасига кириб бориш, ҳолидан хабар олиш, халқ билан мулоқот қилиш, талаб ва истакларини рўёбга чиқариш, давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, бугунги ҳар бир катта-кичик раҳбарнинг зиммасида турган энг муҳим вазифа ва масъулиятга айланди.

Қиш мавсумини беталафот ўтказишни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида Ўзбекистон Республика Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов, Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник А.Иброҳимов ҳамда Миллий гвардия Жиззах вилояти қўриқлаш бошқармаси бошлиғи полковник О.Амиров Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмасида яратилган шароитларни кўздан кечирди, беморлар билан мулоқот қилди.

Шифохонада беморларга кўрсатилаётган муолажалар сифати, дори-дармон таъминоти, иситиш тизими ҳолати билан яқиндан танишди. Юзага келган муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, туман марказий деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида сотилаётган маҳсулотлар таъминоти, нарх-навоси ва сифати, машина трактор парки биносида сақланаётган кортошка захираси, тумандаги кўмир захираси, суюлтирилган газ қуйиш шохобчасининг фаолияти яқиндан ўрганилди.

Хизмат сафари якунида Миллий гвардия вакиллари тумандаги “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла фаолларининг иш фаолияти билан ҳам атрофлича танишди ва уларга тавсияларини берди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА