Миллий антидопинг агентлигининг жорий йилдаги натижалари қандай? (+видео)
Профессионал спортчилар ҳам баъзида билиб, баъзан эса билмай спортда тақиқланган моддаларни истеъмол қилиб, спортдан четлаштирилиши мумкин. Шу каби муаммоларнинг олдини олиш, спортчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Миллий антидопинг агентлиги томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2024 йилнинг мос даврига нисбатан Олимпия ва ноолимпия спорт турлари бўйича федерация спортчиларидан режа асосида 700 та допинг синама олиш режалаштирилган бўлиб, 33 та спорт туридан жами олинган допинг синамалар 675 тани ташкил этган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, спортчилар учун антидопинг таълим платформасида ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги ўқув курси фойдаланишга топширилган. Республикамиздаги жами 246 та спорт мактабларидан 20 мингдан ортиқ спортчи, мураббий ва тиббиёт ходимларига talim-uznada.uz ва dori-uznada.uz электрон платформаларидан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Миллий антидопинг агентлиги томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад антидопинг таълимини кўпроқ татбиқ қилиш, халқаро даражадаги допинг офицерлари сонини кўпайтиришдир, – деди Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Содиқов.
Шунингдек, тадбирда 2025 йили Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларида антидопинг назоратини йўлга қўйиш учун халқаро ва Осиё антидопинг ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Анжуман сўнггида журналистларнинг саволларига мутасаддилар томонидан жавоб берилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/gF8YmlOf_JE?si=kmmvCXnqy1yvhPEP" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, А.Содиқов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА