Миллий анъана ва урф-одатларимиз тараннум этилмоқда
Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизни кенг тарғиб қилмоқда.
Олий таълим муассасасида 28 та таълим йўналиши, 15 та магистратура мутахассислиги бўйича 8 мингдан ортиқ талаба таълим-тарбия олиб, ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганмоқда.

Жорий йилда талаба-ёшларнинг дарсдан бўш вақтида мустақил таълим олиши, ҳунар ўрганиши, ўз билими, қобилият ва иқтидорини тижоратлаштириш имкониятини яратган замонавий карьера маркази фойдаланишга топширилди. Ҳозир марказда пазандачилик, тикувчилик-бичувчилик цехлари, эркаклар сартарошхонаси, гўзаллик салони, амалий санъат тўгараги, корейс, япон, хитой, немис, турк, инглиз, итальян ва рус тилларини ўргатувчи ўқув курслари фаолият юритмоқда.

Тадбирда миллий қадрият ва урф-одатларимизга эҳтиром кўрсатган институт жамоаси дўппи, атласу адрас либосларини, аждодлардан мерос қолган ноёб ҳунармандлигимиз намуналарини кенг намойиш этди. Карьера марказининг пазандачилик, тикувчилик, амалий санъат тўгаракларида тайёрланган миллий маҳсулотлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган миллий қадрият ва урф-одатларимиз, ҳунармандчилигимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори Ойбек Рўзиев. – Буюк аждодлардан мерос қолган бу анъаналаримиз қайта бўй кўрсатаётгани қувончимизни оширади. Зеро, бу ҳаракат ўзлигимизни англашга, она Ватан ва халқимизга меҳр-муҳаббатимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай улуғ фазилатларимизни, миллий ўйинларимизни ҳар қанча тарғиб қилсак, ёшлар онгу шуурига синдирсак арзийди. Институтимизда иш бошлаган карьера марказимизда талабалар пазандачилик маҳсулотларидан тортиб, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган қўл меҳнати маҳсули бўлган кийим-кечаклар, ранг-баранг қўғирчоқлар, уй-рўзғор буюмлари, чиройли сувенирлар тайёрлаётгани ҳам уларнинг миллийлигимизга ҳурмат-эҳтироми ифодасидир.

Фасллар келинчаги баҳор нафаси эсаётган илк кунларда ташкил этилган тадбирга Денов тумани мактабларининг ўқувчилари ҳам таклиф этилди. Жумладан, 76-мактабнинг технология фани ўқитувчилари Хуршида Ўроқова, Нурали Алимардоновнинг, 84-мактабнинг технология фани ўқитувчиси Иқболой Файзуллаеванинг шогирдлари ўз қўллари билан ясаган юмшоқ ўйинчоқлар тадбир қатнашчиларида ўзгача завқ бағишлади. 95-, 98-, 10-мактаб ўқувчилари қўлида жило топган турли ҳунармандчилик буюмларидан фахр туйғулари юксалди.

Тадбир якунида институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари миллий анъана, қадрият ҳамда урф-одатларимизни кўргазма ва маданий дастур шаклида ҳам намойиш этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири