Миллион долларга ер сотмоқчи бўлишди, аммо...
Тадбиркорлик қилиш мақсадида ерни тасарруф этмоқчи бўлган шахслар уни фақат аукцион савдоси орқали сотиб олиши мумкин.
Аммо амалда ерни ноқонуний йўллар билан олишга ёки сотишга уринаётганлар кўпайди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Хўжакент” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 2008 йилда “Болалар спорт-соғломлаштириш ва дам олиш оромгоҳи” қурилиши учун туман захира ерлари таркибидан ажратилган 5 гектар ер майдонини фуқаро М.Б. ва бошқалар ўзаро тил бириктирган ҳолда фуқаро С.Х.га 1 миллион АҚШ долларига ноқонуний йўллар орқали сотмоқчи бўлишди.
Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ер сотмоқчи бўлган шахс келишилган пулдан 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Б. процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда, Тошкент вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА