“Миллатим байроғи доимо ҳур ҳилпирасин!” (+видео)
Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Бугун давлатимиз байроғи қабул қилинганига 33 йил тўлди.
Сана муносабати билан жойларда байрам шукуҳи давом этмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоят Миллий гвардия бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари иштирокида тадбир ташкил этилди.
– Байроғимиз Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган, – дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари ўринбосари Латиф Қамбаров. – Байроқдаги мовий ранг мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Тадбир давомида айтилган шеърларда, сўзга чиққанларнинг нутқида, ҳарбийларимизнинг шахдам ҳаракатларида “Миллатим байроғи доимо ҳур ҳилпирасин”, деган бонг эшитилиб турди.
Албатта, бу каби тадбирлар, ҳарбий хизматчи ва ходимлар орасида Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат, қолаверса, давлат рамзларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/nJs3uVtC26Y?si=zYpk1HVOprEtGKsj" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, ЎзА