Миллат саодати – ёшлар тарбиясига боғлиқ
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 11 апрель куни бўлиб ўтган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан амалга оширилган ишларни Жиззах давлат педагогка университети мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, талаба-ёшларимиз қатламининг манфаатларига эътибор заррача сусайиши мумкин эмаслиги ойдинлашади. Бугунги глобаллашув даврида ёшлар тарбияси ва онгига таҳдидлар кучайиб бораётганини булар орасида энг долзарби, дейиш мумкин.
Ёшларни чуқур билимли, юксак салоҳиятли, меҳнатсевар, ҳалол ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш бугунги глобаллашув ҳамда техника асрида ҳар доимгиданда долзарблашиб бормоқда.
Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган турли хунрезликлар, жанжал-тўполонлар, террорчилик ҳаракатлари, қонли тўқнашувларнинг асосий иштирокчилари бу – ёшлар эканлиги шубҳасиз. Ачинарлиси, уларнинг аксарияти қилаётган ишининг мақсадини ҳам, аянчли оқибатларини ҳам англаб етмаётганидадир. Шу ўринда, келажагимиз эгалари бўлган болаларимизни боши берк кўчага бошлаётганлар уларни ўз домига қандай илинтирмоқда? деган ўринли савол туғилади. Бунинг йўли, айни интернет замонида анчайин осонлашган. Бугун ёшларнинг ўртасида турли сайтлардан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайдигани йўқ, муболаға бўлмайди. Уларнинг кўпчилиги содда, ғўр, ҳали ҳаётнинг баланд-пастини кўриб, оқ-қорани таниб улгурмагани, ҳою ҳавасларга ўчлиги эса нопок ниятли кимсалар учун айни муддао бўлмоқда. Мана шундай мураккаб ва таҳликали замонда ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уларни бегоналар қўлига топшириш, эртамиз эгаларининг душман қуролига айланишига шарт-шароит яратиш, деганидир.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш Жиззах давлат педагогика университети раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, тьюторлари эътиборидаги масала. Бунинг учун турли фан ва санъат тўгараклари йўлга қўйилган. Барча умумхалқ байрамлари ва атоқли саналар муносабати билан спорт мусобақалари ташкил этилади. Ижодий ва кино кечалари, викториналар, “Қувноқлар ва зукколар” ҳамда бошқа билимга чорлайдиган, интеллектуал ва кўнгилочар, томошабинлар талабига мос тадбирлар узвий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, турли хайрия акциялари давомида ёшларда жамоавийлик тарзда ишлаш, ижтимоий ахлоқни кучайтириш, халқимизга хос меҳр-оқибат, мурувват хислатларини камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда ахборот хуружлари, асосан, ишсиз, назоратсиз қолган йигит-қизларга қаратилаётгани боис уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масаладир. Жиззах давлат педагогика университетида кўнгилли талаба ёшлардан иборат “Волонтёрлар клуби” аъзолари ана шундай ёшларни қамраб олишда кўмакчи бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Университетда “Волонтёрлар клуби” ташкил этилди
“Кўнгиллилар” улар қилган яхшиликлари учун иш ҳақи ёки моддий зарурият талаб қилмайдиган, ёрдамлашишни фарз деб санайдиган инсонлар. Улар эл олқишини орқалаб, эзгулик йўлида муҳим ишларни бажаришади. Жиззах давлат педагогика университети талаба ёшларидан иборат “Волонтёрлар клуби” аъзоларини ҳам ана шу инсонлар сафига қўшиш мумкин.
Вилоятдаги энг йирик олий таълим муассасасининг “Волонтёрлар клуби” аъзолари Жиззах вилоятидаги энг чекка туманлардаги қишлоқ ва овулларда тадбирлар ўтказмоқда. Университет профессор-ўқитувчилари ҳамда волонтёр талабалар кун давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда уюшмаган ёшлар учун мушоиралар, адабий учрашувлар, психологик тренинглар, спорт беллашувлари ва бошқа маънавий тадбирлар ташкил этмоқда.
Энг муҳими, ҳар бир тадбир қизиқарли ва ёшлар учун фойдали ўтишига ҳаракат қилиняпти. Уюшмаган ёшлар учун натижадор бўлишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Ташкил этилган тадбирларга уюшмаган ёшлар қаторида ҳудуддаги умумтаълим мактаблари ҳамда маҳалла фаоллари, кам таъминланган хонадонлар вакиллари ҳам жалб этилмоқда.
“Волонтёрлар клуби” маҳалла аҳли, ёш оилалар, маҳалла фаоллари, кўча оқсоқоллари иштирокида “Аҳоли билан ишлашда психологик билим ва мулоқот маданиятининг ўрни” мавзусида суҳбатлар ўтказиш билан бир қаторда ёлғиз кексалар, имконияти чекланганлар ҳолидан хабар олишади, қолган гуруҳлар эса маҳалладаги умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари билан маҳорат дарслари ва турли давра суҳбатлари ташкил қилади. Ташкил этилган спорт мусобақаларида уюшмаган ёшлар ҳам қизиқиш билан иштирок этмоқда. Энг фаол иштирок этган ўқувчилар ва ёшлар университет жамоаси томонидан рағбатлантирилмоқда.
Талаба театр студияси ёш ижодкорларни кашф этади
Театр соҳаси санъатлар ичида энг қадимийси, энг жонлиси ҳисобланади. Театр ҳамиша ибрат даргоҳи бўлган. Бугун Жиззах давлат педагогика университетининг ҳар бир факультети ўзининг талаба театр студиясига эга. Ушбу театр студиялари ёшларнинг истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Саънат соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун имконият яратади. Талаба театр студиялари ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларни театр санъатига муҳаббат руҳида тарбиялаш, жамиятда учрайдиган ижтимоий муаммолар ва салбий ҳолатларни саҳна кўринишлари орқали кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилган.

Тарбия ва маънавият ўчоғи бўлган – театр ҳар бир инсонга ҳаётий сабоқлар берувчи жонли воситадир. Театрдан маданий ҳордиқ чиқариш учунгина эмас, ундаги намойиш этиладиган спектаклларни томоша қилиб, инсон жамиятдаги воқеликларни, кечинмаларни теран англаши мумкин. Иқтидорли талаба ёшларимиз томонидан жонли тарзда намойиш этилаётган саҳна кўринишларида ҳам ана шулар ўз аксини топяпти десам хато қилмаган бўламан.

Театр ҳафталиги доирасида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи асосида саҳналаштирилган спектакли намойишида иштирок этдим. Ўзбек тили ва адабиёти факультетининг “Парвоз” талаба театр студияси томонидан саҳналаштирилган спектаклда муҳаббат ғояси улуғланади. Асарда икки ёш – Анвар ва Раънонинг муҳаббати, висоли йўлидаги хилма-хил можаролар, ўзбек миллатининг маданияти, маънавияти, одоб-ахлоқи, асар қаҳрамонларининг вафо-садоқати, орияти, ғурури ўз аксини топган. Театр намойиши нафақат менда балки барча томошабинларга ҳам чуқур таассурот қолдирди. Яқиндагина бўлиб ўтган Ўзбекистон “Қувноқлар ва зукколар” премер лигасининг 1-мавсум финал беллашувида университетимизнинг “ЖИЗЗАХ CИТИ” жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди. Танловнинг “ЭНГ ҚУВНОҚ ҚИЗ” номинaцияси бўйича бошланғич таълим факультети талабаси Муҳайё Жумабоеванинг тақдирланиши нафақат мени, балки бутун жамоамиз кўксини фахрга тўлдиради.
Ўқитувчи меҳнати талаба муваффақиятида кўринади
Бугунги кунда ахборот технологиялари ва коммуникaциялари ривожланган бир пайтда илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туман марказларида рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Бу масканларда электрон тижорат ва дастурлаш ўргатиляпти. Ёшларда ахборот технологиялари соҳасида бизнес бўйича инновaцион кўникмалар шакллантирилса, “стартап” лойиҳаларига ёрдам кўрсатилса, ёш иқтидор соҳибларининг орзу-умидлари янада тезроқ рўёбга чиқади.
Жиззах давлат педагогика университетида май ойидан бошлаб талабаларнинг техник-конструкторлик ва муҳандислик йўналишидаги кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган робототехника, IT, 3D моделлаштириш, прототиплаш тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу тўгаракларга 100 га яқин талаба аъзо бўлган.
Президентимиз раислигидаги рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари “Рақамлаштиришдан мақсад-муддаомиз нима ўзи? Одамларни рози қилиш, инсон қадрини жойига қўйиш, адолатни таъминлаш”, дея таъкидладилар. Шунингдек, мамлакат етакчиси ёшларни ахборот технологияларига ўқитиш, ишлашига шароит ва маҳсулоти учун бозор яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда университетнинг ҳар бир факультетида талаба-ёшларга шу соҳада ўқув курслари ва тўгаракларни ташкил этиш ҳамда бу борада янги, замонавий технологиялар билан таъминлаб беришни йўлга қўймоқдамиз. Натижа эса, кўп куттирмади шу курсларда таълим олишни истаган ёшларимиз орасидан билимли ва салоҳиятли талаба ёшларни саралаб олиб университетга ишга жойлаштириш масалаларини ҳам кўриб чиқяпмиз.
Ёшлар билан юзма-юз мулоқот – муаммолар ечимига хизмат қилади
Бугун ҳар бир масъул идора раҳбари ўз вазифаларининг энг аввалига ёшлар билан иш олиб боришни қайд этиб қўйгани аниқ. Чунки замон, давлатимиз раҳбарининг талаби шу. Ҳокимлардан тортиб, ҳар бир идора раҳбарларининг ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказаётгани, бундай мулоқотларда ёшларнинг жуда кўп муаммолари тез ечимини топаётгани ниҳоятда қувонарлидир. Зотан, бир нафаргина йигит ё қизнинг ҳаётига оид муаммонинг ижобий ечимини топиши – бу келажакда бир оиланинг фаровонлиги ва мустаҳкамлигига қўйилган пойдевордир.

Университетда ўқиётган барча талабаларнинг ота-оналари ва яқинлари ўз фарзандини бизга ишониб топширган. Улар олий маълумотли ва билимли инсон бўлиб чиқишига жуда катта умид боғлаган. Бу умидни сўндиришга на менинг ва на мана шу даргоҳда ишлаётган ўқитувчининг ҳаққи йўқ. Талабанинг дарди ва муаммоси билан қизиқмаган ўқитувчи унга “устозман” деб айта олмайди. Университетда ташкил этилаётган учрашувлар талабалар билан сизни янада яқин қилади. Учрашувлар давомида талабаларнинг қизиқишлари, муаммолари, аҳволи қолаверса, оилавий аҳволи ҳам ўрганилади. Энг муҳими уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланади. Таҳлил этилади. Бу биз учун ҳам, улар учун ҳам ўта муҳимдир.

Ҳар бир учрашув аввалида талаба ёшларни фаол бўлишга ва мулоқотда чегара қўймасликка чақираман. Чунки энг нотўғри савол, бу берилмаган саволдир. Саволлар берилиши, таклифлар эшитилиши ва бунинг ортидан юзага келаётган муаммолар ечилиши лозим. Самимий, очиқ мулоқот тарзида ўтадиган учрашув давомида талабалар, тўгараклар фаолияти, спортзал, стадионларда машғулот ўтказишга имкониятлар кенгайтирилиши хусусида мурожаат қилишади. Бўш вақтдан унумли фойдаланиш учун чин дилдан ҳаракат қилаётган талабаларимизнинг интилиши мени қувонтиради.
Бўш вақт – хуш вақтга айланади
Халқимиз асрлар оша дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган аллома фарзандлари, улар яратган бой илмий-маънавий мерос билан бошқа миллат ва элатлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган. Бугун мана шу анъанани давом эттириш эҳтиёжи ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни ошириш ва уларнинг бўш вақтини сермазмун ўтказиш борасида кун тартибига янги талабларни қўймоқда. Чунки юртимизнинг эртанги тарихини бугунги ёшлар битади. Улар эзгу ишларимизни давом эттиради.
Бугун олийгоҳда талаба ёшлар ўртасида китобга бўлган меҳрни уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш борасида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Яқиндагина бўлиб ўтган “Китобхонлик ҳафталиги” фикримизга исбот бўла олади. Ушбу ҳафталик доирасида талаба ёшлар ўртасида мушоира ва шеърият кечалари, бадиий китоблар кўргазмалари ташкил этилди. Буларнинг барчаси талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилганига ишончим комил.

Университет АРМи ҳамда “Талабалар турар жойи”да ташкил этилган кутубхоналар ёшлар ўқиб фойдаланадиган керакли адабиётлар билан таъминланган. Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Халқимиз илм ва фан, адабиёт ва санъатга оид нодир қўлланмалар, адабиётлари билан ҳақли равишда фахраланади. Дунёнинг қайси бир машҳур кутубхонасида бўлманг халқимизнинг улуғ алломалари, тафаккур хазинасини яратган донишмандларининг қўлёзмаларини китоб ҳолига келтириб, боқий умр бағишлаган хаттотлар, мусаввирлар меҳнатини кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоиз университетимизда бугунги кунда таниқли ёзувчи, шоир ва адиблар билан мунтазам равишда адабий учрашувлар ташкил этилади. Бундай учрашувларни ташкил этишдан мақсад талаба ёшлар ўртасида китобга бўлган меҳрни уйғотиш, буюк аждодларимиз меросини қадрлашдир.

Бугунги кунда олийгоҳимизда “Изланиш” клуби ташкил этилган бўлиб унга адабиётга меҳр қўйган талаба ёшлар аъзо бўлган. Иқтидорли санъатга ошуфта бўлган ёшларни бир жамоага тўплаган Эсон Лутфуллаев номидаги талабалар мақом ансамблининг ўзи алоҳида мавзу.
Маънавият бор жойда жаҳолат бўлмайди
Бугунги глобаллашув жараёнида ёшларимиз матбуот, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали турли ахборот ва маълумотларга эга бўлмоқда. Баъзи бир ақидапарастлар ўз ғаразли мақсадлари йўлида мафкуравий таъсир ўтказишга уриниб, қабиҳ ишларини амалга оширишга уринмоқда. Энг ачинарлиси, бундай кимсаларни қўлига ёшларимиз тушмоқда. Ҳар қандай касалликни олдини олиш учун аввало, инсон организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади.
Бугун, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги ёшлар бундай вазиятда мустақил фикрлаб, маънавиятли, миллий қадриятларига содиқ, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам, сабр-бардошли, ошкора ва пинҳона кўринишдаги маънавий таҳдидларга доим тайёр турадиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсон бўлиши лозим.
Маънавият оила маданиятини ислоҳ қилди. Яхши ва ёмон хулқ оилада шаклланади, тарбия этилади. Унинг раҳбари, тарбиячиси бор. Оила раҳбарининг маънавиятию маданияти қолган аъзолар учун ибрат, намуна. Оила маънавияти шунинг учун керак. Аслида, ҳар бир оила аъзосининг бурч ва вазифалари, мажбуриятлари аниқ белгиланган. Қадриятларимиз билан тартибга солинган. Улар орасида ёзилганлари бор, ёзилмаганлари ҳам. Аммо уларнинг барчасига бирдек амал қилиниши шарт. Буларга кўра, ота – раҳбар, она – тарбиячи, фарзандлар – ўрганувчи, итоат этувчи, ҳурмат қилувчи, тингловчи... Кексалар – дуогўй. Ёши улуғларда жамланган узоқ йиллик ҳаёт тажрибаси ёшларга аталган. Ана шу тамойилларга амал қилган ҳолда университетнинг ҳар бир факультетида ота-оналар йиғилишлари ташкил этилади. Талабаларнинг одоб-ахлоқи уларнинг юриш туриши ва бугунги кунда эришаётган ютуқлари улар билан муҳокама этилади. Таъбир жоиз бўлса ота-оналар талаба фарзандининг ютуқлари учун рағбатлантирилади.
Бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари томонидан маънавий тарғиботнинг қамрови ва таъсирчанлиги пастлиги, ёшларнинг қизиқишлари инобатга олинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди. Албатта, ёшларнинг онгига таҳдидлар, “оммавий маданият” хуружларига қарши кураш ва шу каби йўналишларда ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Президентимиз ва глобал давр талабларидан келиб, бу вазифаларда сусткашликка йўл қўйилиши мумкин эмас.
Шавкат ШАРИПОВ,
Жиззах давлат педагогика
университети ректори, профессор
ЎзА