Миллат оналари Ватан келажагига бефарқ бўлмайди
Дунёнинг буюк мўъжизаси бўлмиш аёл зоти юксак эҳтиромга лойиқдир, унга ҳурмат кўрсатиш халқимизга хос бўлган олижаноб фазилатдир.
Шукрки, юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, уларга имкониятлар яратиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар байрами табригидаги: “Янги Ўзбекистонда бутун халқимиз қатори, хотин-қизларимиз учун ҳам муносиб шароит яратиб бериш – энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади” дея эътироф этганлари, келгусида амалга ошириладиган эзгу ишларимиз учун ҳар биримизга масъулият юклайди.
Маънавият соҳасида фаолият юритиб келаётганим боис, давлатимиз раҳбарининг байрам табригидаги мурожаатида, “Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз, «Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз» деган ғоя асосида бу жараённи, аввало, оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек «Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди» деган сўзлари қалбимга ўзгача куч берди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз» шиори остида хотин-қизлар ўртасида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоларидан иборат ижодий гуруҳ энг чекка ва чегара ҳудудлар, маҳалла ва овулларда халқимиз билан дилдан суҳбатлашдилар. Эл ардоғидаги санъаткор ва ижодкорлар, таниқли адиб ва шоирлар тарғибот тадбирлари доирасида хонадонларга ҳам ташриф буюришиб, совғалар улашдилар.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар комиссия томонидан ўрганилиб чиқилди ҳамда ҳар бир ҳудуддан энг муносиб топилган хотин-қизлардан 28 нафари саралаб олинди.
Тарғибот тадбирлари доирасида “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган хотин-қизларга кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилиши иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади.
Тошкент вилоятидан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган Бухажал Саматова ҳамда Гулчеҳра Диниқулова хонадонида бўлар эканмиз, бу икки аёлнинг матонати, фидойилиги ва садоқати ҳар биримиз учун ибрат мактаби эканлигига яна бир бор амин бўлдик.
Бўка туманидаги Қўрғон маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Бухажал Саматовани том маънода сабр ва қаноат бекаси деб айтишимиз мумкин. 3 нафар фарзанднинг онаси бўлган бу жафокаш аёлнинг ўғли Иномжон Ибрагимов Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш чоғида мардларча ҳалок бўлган. Вафотидан сўнг ўғлига «Жасорат» медали топширилган. Фарзандини йўқотган она изтироби, аламли кўзёшлар, ҳар куни қалбини кемираётган соғинч... Лекин бир умид бор, у ҳам бўлса фарзандининг Ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун жон фидо қилганидир. Бу она қалбига юпанч бўлади.
Яна бир “Маънавият фидойиси” кўкрак-нишони соҳибаси Бўка тумани Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Диниқуловадир. Устоз, элнинг фарзандларига илму урфон тарқатаётган она. Унинг ҳам қалбида кемтиклик бор. Фарзанди Иззатжон Турғунов 2-гуруҳ ногирони. Лекин тақдир Иззатжонни ўзгача сийлади: у моҳир спортчи. Иззатжон яшаш учун курашди. Маърифатпарвар онасининг ёнида бўлиши, эртанги кунга бўлган ишончини оширди. Ёрқин келажакка интилиш, тинимсиз ҳаракатлари билан бахтга пешвоз чиқиши кераклигини таъкидлаган онанинг орзулари ўғлининг муваффақиятларига очилган эшик бўлди.
Иззат Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзоси, 2018 йилда Хитойда ўтказилган Гран-при ўйинлари, «Токио –2020» олимпиадаси ғолиби, шу йили Индонезияда Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирокчи ва бошқа қатор турнирлар совриндори.
Иккала аёл билан суҳбатлашиб қайтар эканмиз, ҳар қандай буюк инсон ортида буюк аёл туришига яна бир бор амин бўлдик.
Дарҳақиқат, она буюк зот. Жамиятимизда яхши оналар қанчалик кўп бўлса, эл корига ярайдиган мард ва жасур, ватанпарвар фарзандлар сони ортаверади.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси.
ЎзА