Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига
Миллат руҳи ва шукуҳи санъаткорлар ижодида, хонандалару – созандаларнинг куй ва қўшиқларида аксини топади. Миллий мусиқа санъатини ривожлантиришда Ботир Зокиров ширали овози, истеъдоди ва ижоди билан муносиб ҳисса қўшганди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон эстрада хонандалиги санъатини жаҳонга тараннум этган фидойи санъаткорлардан бири эди.
Ботир Зокиров ҳақида сўз юритганда, аввало, унинг санъаткорлар оиласида тарбия топгани, ижодий муҳитда униб-ўсганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон халқ артисти, таниқли хонанда, узоқ йиллар мобайнида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида фаолият юритган ва бош ролларни маромида ижро этган Карим Зокиров ҳамда Муқимий номидаги театрда халқ қўшиқларини маромида куйлаган санъаткор Шоиста Саидованинг тўнғич ўғли бўлган Ботир Зокиров ота-онасидан хонандалик санъатининг барча сиру-асрорларини ўрганган.
Консерваторияда, кейинчалик Тошкент давлат театр санъати давлат институтида таҳсил олиб нафақат куйлаш санъати, балки режиссёрлик маҳоратини ҳам эгаллаган. Шу билан бир қаторда серқирра ва тиниб-тинчимас ижодкор шеърият, рассомчилик, актёрлик санъатларида ҳам катта ютуқларга эришган, рус адибларининг бир қатор асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Ботир Зокиров изланувчанлиги, янгиликка интилиши натижасида ўз даврида ҳали ўрганилмаган ва халқимиз учун янгилик ҳисобланган эстрада санъати Ўзбекистонда вужудга келишига асос солди ва кенг тарғиб этилишида катта ютуқларга эришди. Таниқли композиторлар Икром Акбаровнинг “Раъно”, “Газли”, “Менинг ёрим”, Мутал Бурҳоновнинг “Мафтунингман”, Энмарк Солиҳовнинг “Умид” каби қўшиқларини ижро этиб халққа танитди. Бир қатор шеърларга ўзи ҳам мусиқа басталаб, тингловчилар эътиборига ҳавола этди.
Ботир Зокиров миллий қўшиқлар, опера ариялари билан бир қаторда турли халқлар ашулаларини ҳам маромида ижро этган. Эътиборли томони шундаки, хонанда ҳар бир қўшиқни ўз тилида куйлар, ҳар бир миллатнинг характери ва руҳини қўшиқларида моҳирона ифодалаб бера оларди. Айниқса, беназир санъаткор ижро этган “Араб тангоси” ҳар бир хонадоннинг севиб тингланадиган нолаларидан бирига айланди. Хонанда куйлаган барча қўшиқ ва ашулаларда ўзгача руҳ, ўзгача ижро маҳорати, ўзгача услуб ва тембр мужассам эди. Унинг бетакрор тенор овози ҳар бир хонадон, ҳар бир мухлис қалбига чуқур сингиб борган эди.
Ботир Зокиров мусиқа санъати соҳасида катта ютуқларга эришди. Булар 1958 йилда профессионал эстрада оркестри ташкил этиши, 1972 йилда эса Тошкентда мюзик-холлга асос солиши бўлди. Мазкур ташкилотларда Ботир ака хонанда ва бадиий раҳбар вазифаларида фаолият юритди, ўзбек ва жаҳон эстрадасини республика ҳамда чет давлатларда муваффақиятли намойиш этди. Айниқса, 1966 йилда Франциянинг машҳур “Олимпия” саҳнасига чиқиши Ботир Зокировга жаҳоншумул шуҳрат олиб келди. Бу ўзбек ўғлонининг дунё саҳнасидаги катта ютуғи эди.
Нодир овоз соҳиби шеърият ва адабиётда, кино санъати ва рассомчиликда ҳам ўз ўрнини топди. Ижодкорнинг шеърлари кўп тиражли нашрларда чоп этилди. У бир қатор кинокартиналарда роллар ижро этди, бетакрор суратларида чиройли манзараларни, бетакрор образларни тасвирлади.
Санъаткор ижоди ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Ижодкорнинг сермазмун, сермаҳсул ижодий фаолияти бугунги ёшларимиз учун катта ижод мактабини ўтайди.
Президентимиз томонидан Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича қабул қилинган қарор ҳам айни дамда жуда муҳим ва долзарбдир. Бу Ботир Зокиров тимсоли ва ижоди орқали миллий эстрада санъатига бўлган эътиборни кучайтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий эстраданинг бугунги кунда қандай кўринишга эга бўлиши лозимлиги, уни қайси сиймолар мисолида ўрганишимиз зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Рустам АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон композиторлари ва
бастакорлари уюшмаси раиси