Миллий ғурур, ифтихоримиз рамзи бўлган Ўзбекистон Республикасининг байроғи ва "Давлат байроғи" тўғрисидаги қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Гулистон давлат педагогика институтида таҳсил олаётган талабалар ўртасида "Миллат байроғи" мавзусида расмлар танлови ўтказилди.
Танловда ёш, бўлғуси рассом ва муҳандислар ёрқин ранглар воситаси орқали "Миллат байроғи"ни тасвирлаб, ўз иқтидорларини намойиш этишди.

Институтда тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишида таҳсил олаётган Рухшона Абдуназарова биринчи ўринга муносиб кўрилган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринларга эса ушбу йўналишда ўқиётган Исломбек Ҳотамжонов ҳамда Гулсанам Қўшназаровалар сазовор бўлишди.
–Халқимизнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлган " Миллат байроғи" ҳар бир кишига куч, шижоат бағишлайди. Ўтказилган танлов, унда чизган расмим орқали байроғимизга бўлган меҳр- муҳаббатимни ифода этдим,–-дейди Руҳшона Абдуназарова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири