Миллат аёлларига эътибор қандай натижа бермоқда?
Ислоҳотлар сарҳисоби бўйича Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова билан эксклюзив суҳбат
Кимки боқса кўзларингга зиёсан, аёл,
Гўё гулсан, сертабассум ибосан, аёл,
Қошларингга, кўзларингга нур берса ҳам тун,
Дили поку мўъжизакор самосан, аёл!
Аёлни улуғлаш — олижаноблик. Миллат аёлини эъзозлаш, қадрлаш — миллат келажаги бўлган ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашнинг муҳим омили. Аёлнинг садоқати, меҳр-муҳаббати, фидойилиги, азму шижоати у вояга етказаётган фарзандлар орқали жамиятга кўчади. Аёлнинг оила ва фарзанд тарбиясидан ортиб, давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки эса тараққиётни жадаллаштиради, юрт равнақига ҳисса бўлиб қўшилади.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг юртимиз аёлларига йўллаган табригида ҳам бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ва натижалар алоҳида қайд этилди.
Соҳадаги ислоҳотлар сарҳисоби, амалий натижалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова билан суҳбатлашдик.
–Айни дамда Халқаро хотин-қизлар куни арафасида турибмиз. Ана шундай гўзаллик айёми олдидан Ўзбекистон хотин-қизларининг етакчиси сифатида қалбингизда қандай ўй-хаёллар кечмоқда?
— Бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл чин маънода бахтиёр, чиройли ва фаровон турмуш кечирмоқда. Зеро, улар ҳамиша давлат эътиборида, ҳимоясида, барча ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Бугун Янги Ўзбекистонимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришга, оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган миллий тажриба — Ўзбекистон модели амалга оширилмоқда. Ҳар бир соҳада хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг иштирокини, жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга, илмли хотин-қизларни кўпайтиришга давлат сиёсати даражасида жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2024 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган Мурожаатномасида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлаганини ҳамда муҳтарама аёлларимизни, азму шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлаб ўтган эди.
Дарҳақиқат, бугун “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, бу ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда.

Аёл қачон бахтли бўлади? Энг аввало, фарзандининг саломат экани ва катта-кичик ютуқлари она қалбини хотиржам қилади ва юксакларга кўтаради. Демакки, бугун ёшларимизга қаратилаётган эътибор, улар учун яратиб берилаётган имкониятлар, уларнинг ютуқлари салмоғи ортаётгани, ўз навбатида, миллат оналарини ҳам бахтиёр қилади.
— Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги улуши, иштироки кенгайиб бораётганини кўриб турибмиз. Келинг, аниқ мисоллар ва рақамлар асосида бу борадаги натижаларга тўхталсак.
— Ўзбек аёллари азалдан тиришқоқ, тиниб-тинчимас, серҳаракат, серғайрат, интилувчан бўлишган. Бугун уларга яратилаётган имкониятлар, тақдим қилинаётган рағбатлар хотин-қизларимизга янада куч-ғайрат ва шижоат ҳадя этаётир. Бир вақтлар асосан ўқитувчи, шифокор ёки ҳамшира ёхуд қишлоқ хўжалигидаги асосий ишчи сифатида намоён бўлишган бўлса, бугун аёл-қизларимизни давлат бошқарувида, сиёсатда, ижтимоий соҳанинг барча йўналишларида, қурилиш ва саноатда, тадбиркорликда, қўйингки, барча соҳа ва йўналишларда эркаклар қаторида баравар фаолият олиб бораётганини кўришимиз мумкин.
Жумладан, бугунги кунда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган даврда икки ярим баробар ошиб, 7,7 фоизга етгани эътиборли. Вазирлик ва идоралардаги ходимларнинг 49 фоизи хотин-қизлардир.
Шунингдек, хотин-қизларимиз тиббиёт соҳасида 75 фоиз, таълим соҳасида 71 фоиз, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 47 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 43 фоизни ташкил этмоқда.
Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, келгусида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда гендер тенгликни таъминлаш, ходимлар сонида хотин-қизларнинг улушини, раҳбарликка тайинлаш бўйича ишлар самарадорлигини янада оширишга муҳим масалалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.
Келгусида фаол ва ташаббускор аёлларни янада кенг қўллаб-қувватлаш, салоҳиятли хотин-қизларни раҳбарлик лавозими захирасига тавсия этиш, айниқса, иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, хизмат кўрсатиш, коммунал соҳаларда раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини ошириш, иқтидорли хотин-қизларни босқичма-босқич истеъдодини рўёбга чиқаришга, таълим ва касбий кўникмалар олишларига кўмаклашиш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарур. Шунингдек, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг даражада давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишдаги иштирокини янада кенгайтириш, уларни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ишларга жалб қилиш, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш орқали уларга нисбатан жамиятда шаклланган салбий қарашларни ўзгартириш олдимиздаги муҳим вазифалардан.

— Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги ислоҳотлар, Ўзбекистон тажрибаси халқаро доирада қандай акс-садо бермоқда?
— Хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи, унинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига, албатта, ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бунда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришни назарда тутувчи БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенция, Пекин Ҳаракатлар платформаси каби халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатлар аёллар манфаатларини қамраб олган.
Жаҳон банки таҳлилларига кўра, Ўзбекистон охирги йилларда гендер тенглигига эришиш йўлидаги ислоҳотлари билан энг катта муваффақиятга эришган дунёнинг беш мамлакати қаторидан ўрин олган.
Очиқ гендер маълумотлари индекси бутун дунё бўйлаб гендер маълумотларининг мавжудлиги ва очиқлигини баҳолайди. Очиқ индекс 35 та статистик тоифадаги 11 та кўрсаткичнинг мавжудлигига асосланади. Open Data Watch ташкилотининг сўнгги ҳисоботида Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон 69,7 балл тўплаган ҳолда жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олди.
Шунингдек, ўтган йилги сайловлар натижасида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 57 нафарини ёки 38 фоизини аёллар ташкил этгани минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Сенат аъзоларининг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафарини, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг 32,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Натижада Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича Ўзбекистон дунёдаги 193 та давлат ўртасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилди.

Бу каби натижалар, албатта, юртимиз хотин-қизларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.
–Таълим олган, олий маълумотли аёл-қизларимизнинг кўпайиши маънавиятли, маърифатли жамиятни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундай экан, хотин-қизларимизни билимли-илмли қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг билим олишини рағбатлантириш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмаклашишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда 2 мингта давлат гранти ажратилгани ва талабгорлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномаси асосида имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилгани эътиборга молик.
2020-2024 йилларда 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Ҳар йили 5 йиллик меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли бўлмаган 500 нафар хотин-қизларга қўмита томонидан тавсияномалар бериш тизими орқали олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилди. 2022-2024 йилларда 1 минг 256 нафар хотин-қиз ушбу имтиёз орқали олий таълимга ўқишга қабул қилинди.
Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб муҳтож, ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълимдаги контракт тўловлари қоплаб берилмоқда. Жумладан, 2021-2024 йиллар давомида 6 минг нафарга яқин талаба хотин-қизларнинг контракт тўлови маҳаллий бюджет мабғалари ҳисобидан қоплаб берилди.
Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилаётганини ҳам эътироф этиш лозим. Бу борада 2022-2024 йилларда 15 мингдан зиёд магистрант қизларнинг контракт тўловлари тўлаб берилди.
Олийгоҳ, техникум ва коллежларда кундузги таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит берилиши жорий этилди. Натижада 181 минг 500 нафардан зиёд талаба хотин-қизларга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити ажратилди.
2023 йилдан бошлаб коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб-мутахассисликлар бўйича хотин-қизлар тўлиқ грант асосида қабул қилинадиган бўлди. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1 миллион 479 минг 384 нафар талабанинг 52,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йилда бор-йўғи 39 фоиз эди.
Шунингдек, магистратура босқичида таҳсил олаётган 24 минг талабанинг 60 фоизи ёки 17 мингдан зиёдини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 3,8 баробарга ортган.
Умуман, давлат томонидан хотин-қизларнинг контракти қоплаб берилаётгани ҳисобига талаба-қизлар сони ўн бир карра кўпайди. Бу эса таълим соҳасида берилаётган имкониятлар хотин-қизларимиз ҳаётида акс этганини кўрсатади.
Бугунги кунда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда 6 минг 217 нафар хотин-қиз илмий тадқиқот ишларини олиб бораётгани ҳам илм-фан соҳасида аёллар улушининг ортаётганидан далолат беради.
— Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
– Албатта, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш энг устувор масалалардан бирига айланган. Бу йўналишда 2024 йилда 900 мингга яқин хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. 284 мингдан ортиқ хотин-қизлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. Биргина мана шу йўналишни 2017 йил билан солиштирганда, бор-йўғи 4 минг 200 ни ташкил этганини ҳисобга олсак, қисқа муддатда бу жараён қанчалик жадаллашиб кетганини, унга эҳтиёж ва талаб ниҳоятда катта бўлганини англаш қийин эмас.
Хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш — доимий эътиборда. Шу мақсадда 197 минг 789 нафар хотин-қизга 3,3 триллион сўм кредитлар ажратилди. Натижада тадбиркор аёллар улуши 2017 йилдаги 21 фоиздан 45 фоизга кўтарилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 43,5 мингдан ортиқ хотин-қизга 240 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, пиллачиликка хотин-қизларни кенг жалб қилиш мақсадида 967 минг нафар хотин-қизнинг ипак қуртини парваришлашда бандлиги таъминланди. 2024 йилнинг ўзида 520 дан ортиқ маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари очилди.
Шу билан бирга, “Аёллар дафтари”га киритилган 1 миллион 265 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 995 минг 239 нафарига ёрдам кўрсатилди. 5 минг 891 нафар уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 432 нафари уй-жой билан таъминланди, 5 минг 459 нафарига ижара учун 10,1 миллиард сўм миқдорида компенсация тўлаб берилди. Қолаверса, 32 минг 301 нафар миграциядаги хотин-қизларнинг оила аъзолари, фарзандларига ёрдам кўрсатилди.
2025 йилда яна 635 минг 366 нафар ишсиз, ишлаш ниятидаги хотин-қизларни ўқитиш, бандлигини таъминлаш вазифалари олдимизда турибди.
Бир сўз билан айтганда, “Аёлни эъзозлаш — эзгулик ва адолат мезони” деган ғоя асосида хотин-қизларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш борасидаги амалий ишлар изчил давом эттирилади. Зеро, аёли бахтли бўлган юртнинг файзу баракаси бўлади, фарзандлари баркамол авлод сифатида вояга етади.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди. ЎзА